Озарбайжонда Лондондаги радикал ҳодиса ортидан жиноят иши очилди

Олам

image

Озарбайжон Бош прокуратураси Лондондаги республика элчихонаси биносига диний радикаллар томонидан уюштирилган ҳужум факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси хабар бермоқда. 

“Халқаро ҳимояга эга бўлган шахслар ёки ташкилотларга нисбатан ҳуқуқбузарлик”, “Ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш, кўп миқдорда зарар етказиш”, “Озарбайжон Республикасининг давлат байроғига ёки давлат гербига тажовузкор ҳаракатлар содир этиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ишлари Бош прокуратура ҳузуридаги Тергов департаментига топширилди”, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Баку Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ишни текшириш учун ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган. 

Маълумот учун, 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси радикал диний гуруҳ ҳужумига учради. Шахси номаълум бир неча киши элчихонага бостириб кириб, бино айвонида диний байроқларни очиб, радикал шиорларни айтган. Маҳаллий полиция аралашуви билан вандализм тўхтатилган ва жиноятчилар қўлга олинган.

Ҳодиса оқибатида элчихона ходимлари жабрланмаган. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британияга Вена конвенциясига мувофиқ дипломатик ваколатхоналар бинолари хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилганини маълум қилди. Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг Бакудаги муваққат ишлар вакили Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Ҳужум муносабати билан унга кескин норозилик билдирилди. 

ТИВ маълумотларига кўра, британиялик дипломатга ушбу провокация “дипломатик миссия хавфсизлигини таъминлаш муаммосини жиддий равишда очиб бергани ва қабул қилувчи давлат халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига мувофиқ хавфсизлик чораларини кўриши кераклиги” айтилган.  

Озарбайжон элчихонасига қилинган ҳужумга расмий Тошкент ҳам муносабат билдириб, бундай ҳаракатларни қоралади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг