Озарбайжон фаластинлик қочқинлар учун 1,6 млн доллар ажратмоқчи
Олам
−
18 Октябрь 2023
3959Озарбайжон БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) орқали фаластинлик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун 1,6 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги навбатдан ташқари йиғилишида нутқ сўзлаган.
Байрамов нутқи давомида минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий ёмонлашишига олиб келган сўнгги воқеалар хавотирга сабаб бўлаётганини таъкидлаган.
“Озарбайжон томонларни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 октябрь куни тунда Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига ҳужум оқибатида 800 киши ҳалок бўлганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси