Озарбайжон билан тўқнашувдан кейин КХШТ Арманистонга миссия юборадиган бўлди

Олам 4488
image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Кенгаши кеча, 13 сентябрь куни видеоконференцалоқа шаклида ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Арманистон-Озарбайжон чегарада вазият кескинлашуви муносабати билан боғлиқ ҳолатни баҳолаш учун ташкилот Бош котиби бошчилигидаги миссияни Арманистонга юборишга қарор қилди.

Коллектив хавфсизлик кенгаши сессиясида КХШТ Бош котиби Станислав Зас бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти миссиясини Арманистон Республикасига юбориш тўғрисида келишувга эришилган. Миссияга КХШТ Бирлашган штаби бошлиғи генерал-полковник Анатолий Сидоров ва КХШТга аъзо давлатлар вакиллари киради.

Ташкилот котибияти матбуот хизмати хабарида миссия вазиятни баҳолаш учун давлат раҳбарларига батафсил ҳисобот тайёрлаш, минтақадаги вазият ва юзага келган кескинликни юмшатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланиши айтилган.

Йиғилишда шунингдек, КХШТ масъулияти доирасидаги вазиятни доимий мониторинг қилиш учун ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди. Унинг таркибига котибият ходимлари ва қўшма штаб ҳарбий хизматчилари киради. Россия Президенти Владимир Путин йиғилиш иштирокчиларига Россия томонининг қўшимча амалий қадамлари ҳақида маълум қилган. Улар Арманистон ва Озарбайжон чегарасида юзага келган кескинликни юмшатишга қаратилади.

“Бу ерда чуқур ва самимий фикр алмашилди. Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилишининг барча иштирокчилари минтақадаги вазиятнинг кескинлашувидан хавотир билдирдилар ва уни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотида мустаҳкамланган келишувлар асосида фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдори бўлишди”, дейилади котибият хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган. Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 50 нафар, Арманистондан 49 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Томонлар 13 сентябрь куни тонгда ўт очишни тўхтатиш режими тиклашга келишиб олди.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3
t
×