Озарбайжон Арманистоннинг собиқ Президентларига қидирув эълон қилди 

Олам

image

Озарбайжон Арманистоннинг собиқ Президентлари Роберт Кочарян ва Серж Саргсянни қидирувга берди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг APA ахборот агентлиги республика Ҳарбий прокуратураси махсус тергов бошқармаси бошлиғи Эмил Тагиевга таяниб хабар берган. 

“Арманистоннинг собиқ Президентлари Кочарян Роберт Седракович ва Саргсян Серж Азатович Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилиб, қидирув эълон қилинди”, деган Тагиев. 

Таъкидланишича, Кочарян ва Саргсян 1988 йилнинг февраль ойидан бошлаб “Озарбайжон ва арман халқлари ўртасида миллий адоват қўзғатиш мақсадида Хонкенди (Спепанакерт) шаҳрининг ташкилот ва муассасаларида арман миллатига мансуб ишчилар иштирокида йиғилишлар уюштирган ва ўтказган”. 

“Улар Қорабоғ арманларники эканлигини ва у ерда фақат арманлар яшаши кераклигини эълон қилди, озарларни ишдан бўшатишга, Тоғли Қорабоғ шаҳарларидан мажбуран кўчиришга, уйларини ёқиб юборишга чақирди. Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан ўзларини халқ вакиллари деб эълон қилди. Улар Озарбайжон Республикаси конституциясини бузган ҳолда, 1991 йил 2 сентябрда собиқ Шоҳумян вилоятини қўшиб “Тоғли Қорабоғ Республикаси” ташкил этилганини, бутун ҳокимиятни вилоят кенгашига ўтказишни эълон қилди. Ушбу ҳудудда Озарбайжон Республикаси конституцияси ва қонунларининг амал қилишини тугатиш тўғрисида ноқонуний қарор қабул қилиб, бошқа жиноятларни содир этган”, дея қўшимча қилган Тагиев. 

Маълумот ўрнида, 2020 йил 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда вазият кескинлашди, фаол жанглар бошланди. Баку ва Ереван Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилган 1988 йил февралидан бери ҳудудга эгалик қилиш борасида баҳслашмоқда. 2020 йил 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Ҳужжатга кўра, Озарбайжон ва Арманистон томонлари ўз позицияларида тўхтаб, қатор вилоятлар Баку назоратига ўтган, Россия тинчликпарвар кучлари эса ўзаро тўқнашув чизиғи ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг