Ойни забт этган космонавтларнинг фазодаги машҳур сўзлари нима бўлган?
Бу қизиқ
−
20 Январь
22616Америкадаги SpaceX хусусий компаниясининг Crew Dragon космик кемасида биринчи марта туркиялик Алпер Гезеравжи сайёҳлар экипажи билан Халқаро космик станцияга учгани ҳақида хабар бергандик.
Маҳаллий турк ОАВларининг қайд этишича, космосга чиққан Гезеравжи Отатуркнинг "Келажак осмонда" сўзларини иқтибос сифатида келтирган. Турк космонавтининг сўзлари Юрий Гагарин ва Нил Армстронг каби машҳур космонавтларнинг коинотга парвози чоғида айтган гапларини кун мавзусига айлантирди.
Жумладан, 1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да "Бойқўнғир" космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган "Восток" космик кемасининг учишига старт берилади. Парвоз муваффақиятли амалга ошади. Очиқ коинотга чиққан Гагарин алоқа орқали ўзининг таассуротлари ҳақида гапиради. Унинг "Ер устидаги булутларни ва улардан ерга тушаётган сояни кузатяпман. Жуда чиройли. Диққат! Ернинг горизонтини кузатяпман. Барчаси жуда гўзал", деган сўзлари бортдаги магнитофонига ёзиб олинган.
Шунингдек, 1969 йил 16 июль куни Флорида штатида жойлашган Кеннеди номидаги космик марказ аэродромидан ичида Нил Армстронг, Майкл Коллинз ва Эдвин Олдрин бўлган Аполлон-11 космик кемаси фазога парвоз қилади. 1969 йил 20 июль куни Нил Армстронг ва Эдвин Олдрин иккинчи модул билан Ой сатҳига тушишга қарор қилишади. Майкл Коллинз асосий модул билан орбитада қолади.
Ернинг табиий йўлдошига биринчи бўлиб Нил Армстронг оёқ қўяди. Ўша пайтда Нил "Бу бир одам учун кичик қадам бўлиши мумкин, бироқ бу инсониятнинг келажак томон улкан сакрашидир", дейди. Кейинчалик унинг бу гаплари жуда машҳур бўлиб кетади.