Ойбек Турсунов Perfectum’нинг қарийб 100 млрд сўмлик мол-мулкини сотиб оляпти

Business

−

image

Тадбиркор Ойбек Турсунов Perfectum мобиль операторининг кўчмас мулки ва бошқа активларини ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда жами 98,37 млрд сўмга сотиб оляпти. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталидаги ҳисоботларда келтирилган.

Маълумотларга кўра, Perfectum бренди остида фаолият юритувчи “Rubicon Wireless Communication” АЖ акциядорлари тегишли битимни жорий йилнинг 16 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишда маъқуллаган. Қарор эса Корпоратив ахборот ягона порталида жорий йилнинг 23 октябрь куни эълон қилинган.

Ҳужжатга кўра, компания Ойбек Турсуновга Тошкент марказидаги Perfectum’нинг бош офиси жойлашган кўчмас мулкни, шунингдек, 2012 бирлик асосий воситаларни сотади. Бунинг учун иккита олди-сотди шартномасини тузиш назарда тутилган.

Битимнинг асосий объекти Ташкент шаҳри, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уй манзилидаги кўчмас мулк мажмуаси ҳисобланади. У 7283 квадрат метр (0,72 гектар) майдондаги ер участкасида жойлашган ва умумий майдони 10 479 квадрат метр бўлган тўртта бинони ўз ичига олади, шундан 8677 квадрат метр майдонни фойдали майдон ташкил этади.
  
Биноларда 57 та хона, жумладан, 47 та хизмат хонаси мавжуд. Кўчмас мулк мажмуасининг қиймати ҚҚС билан бирга 65,97 млрд сўм қилиб белгиланган. Бундан ташқари, Perfectum умумий қиймати 32,41 млрд сўмлик 2012 бирлик асосий воситаларни сотади. 

Қарорда айтилишича, “Rubicon Wireless Communication” АЖ томонидан мол-мулкни учинчи шахс – Ойбек Ботирович Турсуновга қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда жами 98 млр 374 млн 503 минг 360 сўмлик сотиш нархи бўйича сотилиши билан боғлиқ йирик битим (иккита олди-сотди шартномаси) тузилиши маъқулланган.
  
Акциядорлар компания ижрочи директорига олди-сотди шартномалари ва мол-мулкни топшириш-қабул қилиш далолатномаларини имзолашни, шунингдек, битимни амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашни топширган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic