“Отжимания” бўйича жаҳон рекорди янгиланди  

Спорт

image

Австралиялик 33 ёшли Лукас Хелмке бир соат ичида энг кўп “отжимания” машқини бажариб, жаҳон рекордини янгилади. Бу ҳақда Гиннес рекордлари сайти хабар берди. 

Лукас бир соат ичида 3206 марта “отжимания” машқини бажарган, бу бир дақиқада ўртача 53 марта машқ бажаришни англатади. Аввалги рекорд бошқа бир австралиялик Даниел Скали томонидан 2022 йилнинг апрелида ўрнатилган бўлиб, у бир соатда 3182 марта машқ бажарган.

Лукас бу рекордни янгилаш учун икки-уч йил машқ қилган. У ҳозирги ютуғини бир ёшли ўғлига бағишлашини, бу унга имконсиз нарса йўқлигини кўрсатишини айтган. 

Лукас “отжимания”ларни 30 сониялик тўпламларга бўлиб, ҳар бирида 26 тадан машқ бажаришни мақсад қилган. Лукас бу мақсаддан бироз ошиб кетган ва ҳар 30 сонияда ўртача 26,7 марта машқ тезлигига эришган.

Лукас ҳар бир “отжимания” учун мукаммал формани сақлаб туриши керак эди, акс ҳолда улар рекорд натижа ҳисобланмайди. Тана тўғри туриши керак, яъни тиззада ёки белда эгилиш бўлиши мумкин эмас. Тирсакда камида 90 градуслик бурчакка эришилгунга қадар танани пастга тушириш керак, кейин қўллар текис бўлгунча кўтарилади. Нотўғри шакл туфайли Лукаснинг атиги 34 та “отжимания”си ҳисобга олинмаган. 

Гиннеснинг рекордлар китобига кирган Лукас ўз ютуғи билан тўхтаб қолмаслиги, бундан буён  ҳар йили камида битта рекордни янгилашни режалаштирганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

рекорд Гиннес отжимания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг