Отнинг ўлими – итнинг байрами: АҚШда “синаётган” Twitter ўрнини Telegram эгалламоқда

Олам 4049
image

Twitter’да Дональд Трампнинг аккаунти бутунлай блокланганидан сўнг, Telegram мессенжери АҚШда энг кўп юклаб олинган дастурлар орасида иккинчи ўринга чиқиб олди. Бу ҳақда “The Daily Telegraph” хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 6 январдан бошлаб мамлакатда Telegram тахминан, 545 минг марта юклаб олинган, бу бир ҳафта олдинги кўрсаткичдан деярли уч баравар кўпдир. Илова машҳурлигининг ўсишига WhatsApp мессенжерининг “махфийлик сиёсати”даги ўзгариш ҳам таъсир қилган. 

Аввалроқ, Telegram асосчиси Павел Дуров ўз блогида Трампнинг тарафдорларига қарашли Parler ижтимоий тармоғининг App Store ва Google Play сотув дўконларидан олиб ташланишига изоҳ бериб, дастурни “жамоат хавфсизлигига таҳдидлар” солишда айблаган эди. 

“Apple ва Google эркинлик учун Twitter’га қараганда анча катта муаммо туғдиради. Apple эса буларнинг ичида энг хавфлиси. У сизнинг иловаларга киришингизни тўлиқ чеклаши мумкин”, дейди Дуров. 

Шунингдек, у фойдаланувчиларни iOS’дан Android’га ўтишга ундаб, Android’да фойдаланувчилар ўзларининг иловаларини apk-файллар орқали ўрнатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқлар АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг аккаунтларини блоклаб қўйганидан сўнг, Twitter акциялари АҚШ савдоларида деярли 4 фоизга тушиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. 

Маълумот ўрнида, 7 январь куни Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқлари маъмурияти Дональд Трампнинг аккаунтини блоклаб қўйишига Трамп томонидан АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини тан олмаслик билан бир қаторда сайловларни қалбакиликда айблаш сабаб бўлган. Трампнинг ушбу мазмундаги баёнотлари ижтимоий тармоқдан фойдаланиш қоидаларини бузиш сифатида баҳоланган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 132
Рейтинг: 2.9
t
×