ОТМлардаги айрим талабаларнинг контракт тўлаш муддати узайтирилди
Жамият
−
02 Июнь 2023
5569Ўзбекистонда айрим талабалар учун контракт тўлаш муддати жорий йилнинг 10 июни
гача узайтирилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу давлат комиссияси тегишли баёни билан кўпчилик абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда амалга оширилган.
Бу муддат бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган қуйидагиларга тааллуқли:
- тўлов-контракт жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар (1-курслар);
- ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган);
- қайта тикланган талабалар учун.
Шунингдек, коллеж ва техникумларга ўқувчиликка тавсия этилган абитуриентлар (1-босқич ўқувчилари) учун ҳам муддат 10 июнга қадар узайтирилди (2023 йил 15 мартдан кейин контрактини тўлаганларнинг тўлови ҳам инобатга олинади).
Маълумот ўрнида, юқори босқич (2 ва ундан юқори курс) талабалари учун контракт тўлаш муддатини узайтириш Олий таълим муассасаси ректор (директор)ларининг ваколатига берилган.