ОТМда ёзги таътил ўрнига пуллик 3-семестр жорий қилинади. Унда кимлар ўқийди?

Жамият 11531
image

Фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учинчи семестр учун қўшимча маблағ тўлайди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиков матбуот анжуманида маълум қилди.

Унга кўра, олий таълим муассасаларида таълим жараёнини кредит-модел тизимида ташкил этиш ишлари 2020-21-ўқув йилидан жорий этиб келиняпти.

“Асосий ўзгаришлар — илгари ўқув ҳафталари 38-40 ҳафта атрофида бўларди. Кредит-модел тизими жорий этилгач, бу муддат 36 ҳафтага тушди. Соддароқ қилиб айтганда, академик дарс жараёнлари 10 ойдан 7,5-8 ойга туширилди.

Талаба бир семестрда 15 ҳафта таҳсил олади. Агар бир семестрга 18 ҳафта ажратилган бўлса, унинг икки ҳафтаси талабалар учун ўзлаштирилмаган фанларини ўзлаштиришга, яна бир ҳафтаси янги фанлар ҳамда ўқитувчиларни танлашга сарфланади.

Яна бир муҳим жиҳати — учинчи, ёзги семестр ҳам қўшилган. Бу — таътил даврига тўғри келади ва талабаларнинг аризасига кўра, фанлардан баҳо олмаганлар учун ташкил этилади. Учинчи семестр учун ариза берган талабалар белгиланган тартибда қўшимча маблағни амалга оширади”, дейди Холиков.

Вазирлик масъулига кўра, ҳозирча бу тизим бўйича саволлар бўляпти, аммо уч йилдан сўнг барча бу тизимга тўлиқ мослашади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 524
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×