ОТМга ҳужжат топширганлар сони сўнгги 7 йилдаги энг паст даражага тушди

Local

image

2026-2027 ўқув йили учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган 677 минг 907 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди ва бу сўнгги етти йилдаги энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг 451 минг 744 нафари (66,6 фоиз) жорий йил битирувчилари, 226 минг 163 нафари (33,4 фоиз) эса аввалги йилларда таълим муассасаларини тамомлаган фуқароларни ташкил этади.

Шунингдек, абитуриентларнинг 365 минг 196 нафари (53,9 фоиз) аёллар, 312 минг 711 нафари (46,1 фоиз) эса эркаклардир.

Агентлик маълумотига кўра, жорий йилда 664 минг 609 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этади. Улардан 36 минг 500 нафари алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, 10 минг 581 нафари эса олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар томонидан тақдим этилган халқаро сертификатларнинг 24 минг 526 таси тасдиқланган. Бундан ташқари, умумтаълим фанлари бўйича 193 минг 186 нафар, чет тиллари бўйича эса 125 минг 354 нафар миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтганлар сони қуйидагича бўлган:

2026 йил – 677 минг 907 нафар;
2025 йил – 671 минг 397 нафар;
2024 йил – 894 минг 279 нафар;
2023 йил – 1 миллион 18 минг 7 нафар;
2022 йил – 1 миллион 214 минг 232 нафар;
2021 йил – 948 минг 211 нафар;
2020 йил – 1 миллион 484 минг 85 нафар;
2019 йил – 1 миллион 66 минг 925 нафар.

Шу тариқа, жорий йилда абитуриентлар сони 2020 йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб икки баробарга камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026–2027 ўқув йилида олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентларга “Абитуриент рухсатномаси”ни бериш бошлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends