ОТБ Ўзбекистонга 93 млн доллар беради
Жамият
−
14 Сентябрь 2023
3322“Замонавий иқтисодиёт учун кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 93 миллион АҚШ доллари миқдорида битим имзоланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Инсон ресурсларини ривожлантириш сектори раҳбари Аяко Инагаки бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашган.
Учрашувда мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келгусида янги ташаббусларни амалга ошириш борасида музокаралар олиб борилган.
Шунингдек, “Замонавий иқтисодиёт учун кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида тузилган 93 млн АҚШ доллари миқдоридаги битим ижросини амалга ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилган.
“Айтиш жоизки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, ёшлар ва иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали инклюзив ўсишни рағбатлантиришга қаратилган. Мазкур лойиҳа қурилиш, тўқимачилик ва тикувчилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, агробизнес ва озиқ-овқат саноати, техника ва ускуналарга хизмат кўрсатиш каби тармоқларда малакали ишчи кучи сифатида инсон ресурсларини ривожлантиради”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси