Отабеков: “Тошкентда COVID-19 аломатлари бўлган фуқаро шифохонага мурожаат қилмаган”
Жамият
−
03 Апрель 2020
14598Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти. Беморларнинг 4 нафари оғир аҳволди, 2 нафарининг аҳволи ўртача оғир. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.
Отабеков брифинг вақтида фуқаролар ҳамон касалликка енгил қараётгани, аломатлар пайдо бўлса-да шифокорларга мурожаат қилмаётганини таъкидлаб ўтди.
“Ҳозиргача касаллик белгилари бўлсада уни яширишга уринаётганлар топилмоқда. Х. исмли бемор, коронавирус касаллиги белгилари пайдо бўлганига қарамай, 2 апрелга қадар шифокорларга мурожаат қилмаган. Аҳволи ёмонлашгач, кеча Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. Аҳволи ўта оғирлиги боис, уни сунъий нафас олдириш аппаратига улашга тўғри келган”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 221 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor