Отабек Умаров ООК вице-президенти бўлиши мумкин
Спорт
−
10 Декабрь 2020
28669Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров номзоди Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига илгари сурилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Кеча, 9 декабрь куни МОҚ Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидан 16 декабрь куни Ўмоннинг Маскат шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Бош ассамблеясига тайёргарлик кўриш, ушбу тадбирда бўлиб ўтадиган ООК раҳбарияти таркибига, хусусан, ташкилот вице-президентлигига Ўзбекистон томонидан таклиф этиладиган номзодни кўриб чиқиш масалалари ўрин олди.
Билдирилишича, 2025 йил Тошкент илк бор йирик комплекс мусобақа – IV ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.
Бўлиб ўтган Ижроқўм йиғилишида бу каби жиҳатлар инобатга олиниб, спорт ва ташкилотчилик бўйича катта салоҳиятга эга бўлган Отабек Умаров номзоди Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига илгари сурилди.
Таъкидланишича, Отабек Умаров Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамда мамлакат ММА ассоциациясидаги фаолияти орқали мамлакатда ушбу спорт турларининг ривожини янги босқичга чиқара олган.
Қайд этилишча, Ассамблеядан кейинги муддатда ўтадиган комплекс мусобақаларга мезбонлик қилувчи мамлакат ООКга вице-президентлик учун ўз номзодини илгари суриш имкониятига эга. Шу тариқа Ўзбекистон илк бор 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига ушбу нуфузли ташкилот раҳбариятига ўз вакилини номзод қилиб кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.
Тадбир давомида Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари дирекциясининг директори ҳам сайлаб олинди. Ушбу масъулиятли лавозимга МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов бир овоздан маъқул кўрилди. Шу тариқа Ойбек Қосимов бир вақтнинг ўзида Қўмита Бош котиби ва Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари дирекциясининг директори сифатида фаолият олиб боради.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь