Осиёнинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси аниқланди
Спорт
−
10 Февраль 2023
8504“Тоттенхем” ҳужумчиси Сон Хён Мин 2022 йилда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Мин Осиё футбол конфедерацияси томонидан ўтказилган сўровномада зафар қучди. Бу ҳақда “VnExpress” хабар берди.
Жанубий Корея терма жамоасининг 30 ёшли футболчиси сўровномада 256 очко жамғариб, кетма-кет олтинчи йил, умумий ҳисобда саккизинчи марта қитъада тенгсиз бўлди.
Осиёлик футбол журналистлари ва экспертлари ўртасидаги овоз беришда 120 балл билан иккинчи ўринни Меҳди Тареми (“Порту”, Эрон терма жамоаси) ва Салем Ал-Досарий (“Ал-Ҳилол”, Саудия Арабистони терма жамоаси) эгаллади.
Кучли бешликка, шунингдек, “Наполи” ва Жанубий Корея терма жамоаси ҳимоячиси Ким Мин Чже ва Япония ҳамда “Брайтон” вингери Каору Митома киритилди.
Сон жорий мавсумда 28 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Маълумот учун, “Тоттенхем”нинг навбатдаги ўйини 11 февраль куни “Лестер”га қарши бўлади.