Ортиқхўжаев сиёсий тажрибаси камлигидан панд еганини айтди (видео)

Интервью 4874

Бугун, 13 январь куни халқ депутатлари Тошкент шахар Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтгани, унда Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзоди Тошкент шаҳар ҳокимлигига тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик. 

Сессия якунида Ортиқхўжаев оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатлашди. QALAMPIR.UZ ҳокимдан интервью олишга муваффақ бўлди. 

Суҳбатда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг сиёсий тажрибаси камлиги ортидан панд егани, қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп экани ва ОАВдаги негатив материаллар кайфиятига таъсир ўтказиши ҳақида гапирди. 

“Албатта, менинг сиёсий тажрибам йўқлиги панд берган жойлари бўлди. 18 ой ҳоким лавозимида ишлаган бўлсам, бироз ўргандим. Хулосаларим шундан иборатки, жуда кўп меҳнат қилишимиз керак. Жуда кўп изланишимиз керак. Бу йўлда тўхтамаслигимиз керак. Олдимизга қўйган ишлар жуда кўп. Ишларимиз тасвирлаб бера олмайдиган даражада кўп”, дейди Ортиқхўжаев.

Тошкент шаҳар ҳокими ишдаги кайфият ва фойдалилик коефицциенти ҳақида ҳам гапирди. Унинг фикрича, ОАВдаги негатив материаллар иш унумига таъсир қилади. 

“Хулосаларимдан яна бири шуки, ишнинг юриши уйдан чиқаётганингиздаги кайфиятга боғлиқ. Агар ОАВда ҳадеб негатив (материал) ёзилаверса, кайфиятга таъсир қилиб, иш унуми йўқоларкан. Агар ҳамма қўллаб-қувватлаб турса, кўпроқ натижаларга эришиш мумкинлигини хулоса қилдим. Шунинг учун яхши ишларимизни мақташса, икки-уч карра кўпроқ иштиёқ очилишини сездим. Агар кайфият бузилса, бу ишингизга катта таъсир қиларкан. Фойдалилик коефицциенти ошаркан. Натижа шундайки, кўп нарсаларга эътибор қилмасдан яна меҳнатда давом этиш керак. Фақат меҳнат орқали қийинчиликларни енгиш мумкинлигига яна бир бор ишончим комил бўлди”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими. 

Эслатиб ўтамиз,Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида ўтаётган сессияда Тошкент шаҳар ҳокимлигига Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилган номзод расман тасдиқланди. Унга кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолиятини давом эттиради.

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3.9
t
×