Ортиқхўжаев коронавирусга қарши эмланди. Тошкент ҳокими қайси вакцинани танлади?
Жамият
−
17 Июль 2021
27986Бугун, 17 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзбек-хитой вакцинасининг иккинчи дозаси билан эмланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Бугун Ўзбек-Хитой вакцинасининг иккинчи босқичини қабул қилдим. Ўйлайманки, бу юртимизда тарқалаётган коронавирусни олдини олишга жуда катта ёрдам беради. Ёрдам бермаган тақдирда ҳам шифохонада ётган инсонларни кўряпмиз, халқ билан мулоқот қиляпмиз, кўряпмизки, вакцина олганларда касаллик енгил ўтяпти”, дейди Ортиқхўжаев.
Аввалроқ, Жахонгир Ортиқхўжаев Чилонзор туманида жойлашган “Атлас” савдо марказида ташкил этилган ковид марказига борганди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда бугунгача 5 миллион 521 минг 20 доза вакцина қўлланилди. Мамлакатда икки ва уч босқичли вакцинани тўлиқ олганлар 997 минг 34 нафарни ташкил этмоқда. Жами эмланиш ҳолатлари бўйича республикада Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистонда уч турдаги – AstraZeneca (CovieShield), “Спутник V” ҳамда ўзбек-хитой вакциналаридан фойдаланилмоқда.