Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларига бориб ишлаганларга уй, машина, имтиёзли кредит берилади
Жамият
−
05 Март 2019
7184Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида кадрлар таъминотини яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Қабул қилинажак мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида кадрлар таъминотини яхшилаш юзасидан ҳудудлар рўйхати ва улардаги тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида кадрлар таъминотини ва салоҳиятини ошириш мақсадида уларни моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан қуйидаги шартлар белгиланмоқда:
• Қорақалпоғистон Республикаси бюджет даромадлари режаси ортиғи билан бажарилиши қисми ҳисобидан олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга ишга борган мутахассисларни 10 йил ишлаб бериш шарти билан уй-жой билан таъминлаш ва 10 йилдан кейин хусусийлаштириб бериш;
• тиббиёт ходимларига уй-жойлар қуриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорида (кейинги ўринларда дастур деб аталади) назарда тутилган тартибда ва маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётгани маълумот учун қабул қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг маҳаллий бюджетнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари ходимларига енгил автомобиллар ва маиший техникалар сотиб олиш учун истеъмол кредитлари ажратиш мақсадида тижорат банкларига йиллик 10 % миқдорида 5 йил муддатга депозит маблағларини жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Тижорат банклари томонидан ушбу депозит маблағлари ҳисобидан кредит бериш санасида Ўзбекистан Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида қуйидаги шартлар асосида истеъмол кредитлари ажратилиши белгиланади:
енгил автомобиллар сотиб олиш учун:
• кредит муддати - 5 йилгача;
• кредит бўйича имтиёзли давр – 6 ой;
• дастлабки бадал - сотиб олинадиган автотранспорт воситаси қийматининг камида 15 фоизи миқдорида;
маиший техникалар сотиб олиш учун:
• кредит муддати - 3 йилгача;
• кредит бўйича имтиёзли давр – 3 ой.
“Ўзавтосаноат” АЖга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этиладиган тиббиёт ходимлари рўйхати асосида улар томонидан тижорат банклари кредитлари ҳисобига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олишда кўмаклашиш тавсия этилиши кўзда тутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўлланмаси ёки икки томонлама тузилган меҳнат шартномаси асосида тиббиёт олийгоҳларининг бакалавриат, клиник ординатура ва магистратура йўналишларини тамомлаган мутахассислар эга ҳисобланади.
LiveБарчаси