OpenAI ўсмирлар учун алоҳида ChatGPT версиясини ишга туширди

Олам

image

Кеча, 18 августдан бошлаб Open AI 13 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар учун махсус ChatGPT версиясини ишга туширди. Янги хизматда ўз жонига қасд қилиш, ўзига зарар етказиш, романтик ва жинсий мазмундаги суҳбатларга нисбатан кучайтирилган чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Маълумотларга кўра, “ChatGPT for Teens” ўсмирларнинг сунъий интеллектдан хавфсиз ва ёшига мос фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Янги версияда ота-она ва васийлар учун бир қатор назорат имкониятлари ҳам мавжуд. Жумладан, ота-оналар фарзанди ChatGPT’дан фойдаланмайдиган вақтни белгилаб қўйиши мумкин.

Шунингдек, ўта хавфли вазиятларда, масалан, ўсмир ўзига зарар етказиши мумкинлиги аниқланса, ота-онага хавфсизлик тўғрисида билдиришнома юборилади. Овқатланиш бузилишлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қўшимча огоҳлантиришлар жорий этилган.

Бироқ ота-она назоратидан фойдаланиш мажбурий эмас. OpenAI янги тизимни ушбу функциялар ёқилмаган тақдирда ҳам ўсмирлар учун хавфсиз бўлишини кўзлаган.

OpenAI ўсмирларнинг сунъий интеллектга ҳаддан ташқари боғланиб қолишининг олдини олишга ҳам эътибор қаратган.

Янги версияда чатбот фойдаланувчига нисбатан шахсий ҳис-туйғулари борлигини айтиши, ўзини онгли мавжудот сифатида кўрсатиши ёки ўсмир билан романтик муносабатга ўхшаш алоқа ўрнатиши чекланади.

OpenAI вакилларининг таъкидлашича, компания ўсмирларнинг чатбот билан носоғлом муносабат шакллантиришига олиб келиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни алоҳида ўрганиб чиққан.

Янги ChatGPT ўқувчиларга уй вазифаларини бажаришда ҳам ёрдам беради. Аммо тизимнинг асосий мақсади тайёр жавобни бериш эмас, балки ўқувчини масалани мустақил ечишга йўналтиришдан иборат.

Шу орқали OpenAI ўқувчиларнинг сунъий интеллектдан кўчириш ёки тайёр иншо ёздириш воситаси сифатида эмас, балки таълимий ёрдамчи сифатида фойдаланишини кўзламоқда.

OpenAI ўсмирларнинг ёшини тўғридан-тўғри тасдиқлаш тизимидан фойдаланмайди. Бунинг ўрнига фойдаланувчининг сўровлари каби омиллар асосида унинг 18 ёшдан кичик бўлиш эҳтимолини баҳолайди. Вояга етмаган деб аниқланган ёки ўзини шундай таништирган фойдаланувчи автоматик равишда ўсмирлар учун мўлжалланган версияга ўтказилади.

Компания бу ёндашув орқали сунъий интеллектдан фойдаланаётган янги авлодни хавфли контентдан ҳимоя қилиш ва технология билан соғлом муносабатни шакллантиришни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ OpenAI ChatGPT’нинг барча фойдаланувчилари учун матнли чатлар бўйича чекловларни олиб ташлаётгани, бепул ва Go тарифларида эса GPT-5.6 Luna асосий модел сифатида ишлатилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг