“Оpen Budget”да ютолмасам, ҳаммангнинг қонингни ичаман – Навоийда директор ўқитувчиларга босим ўтказди
3-саҳифа
−
06 Апрель 2023
9771Ижтимоий тармоқларда Навоийдаги мактаблардан бирида мактаб директори ўқитувчиларга “Open budget” учун овоз тўплаши кераклигини айтиб, босим ўтказгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий изоҳ берди.
Видеода мактаб директори агар 100 нафар ўқитувчи 100 фоиз ишни бажарса, 5 мингта бўлиш кераклигини, лекин 12 миллион сўмга сим-карта сотиб олинганини айтган.
“Бугун ҳам 2 млн сўм пул тайёрлаб ўтирибмиз, ҳар бир СИМ-картани 20 минг сўмдан сотиб оляпмиз. 4-5 та мактаб мингталаб СИМ-карта олиб, қараб ўтирибди. Агар мен ютолмасам, ҳаммангни қонингни ичаман, миллионлаб ойлигингни қўясан. Ютсам ютдим, агар ютолмасам, ўзим биламан сенларни нима қилишни”, дейди директор ўқитувчиларга.
Маълум қилинишича, мазкур видеодаги овоз вилоятдаги Навбаҳор туманидаги 9-умумтаълим мактаби директори Д.Т.га тегишли экани аниқланган. Унга нисбатан иш берувчининг тегишли буйруғига асосан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси қўлланилган.
Шунингдек, ҳозирда мазкур ҳолат ваколатли органлар томонидан мактаб директори Д.Т.нинг хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор йўқлиги ўрганилмоқда.
“Ушбу ҳолат юқори турувчи ва ваколатли органлар томонидан назоратга олинган бўлиб, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча хабар берилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида бошланғич синф ўқувчилари “Open budget”га овоз йиғиш мақсадида дарс пайтида пул олиб келиши учун уйига юборилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ ушбу мактаб директори ишдан олингани маълум қилинди.
Ижтимоий тармоқлар орқали баъзи мактаб ўқитувчиларига “Open budget” лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ бериб, ушбу вазият вазирлик томонидан ўрганилаётганини хабар қилган эди.
Кейинроқ, 24 март куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 36-мактаб ўқитувчилари “Open budget”га овоз йиғишга мажбурлангани акс этган видео тарқалганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганини маълум қилган эди.