“Open budget”да илк шериклик лойиҳалари ғолиблари аниқланди
Жамият
−
03 Март 2412 2 дақиқа
“Ташаббусли бюджет”да илк шериклик лойиҳалари ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Шарқ” МФЙ Юсуф Ҳамадоний кўчаси ички йўлларини асфалтлаш ҳамда Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани “Эски Анҳор” МФЙ ва Оқар Дарё кўчаларини асфалтлаш лойиҳаларининг 50 фоиз қисми фуқаролар томонидан молиялаштирилган ҳамда ушбу лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилган.
“Ташаббусли бюджет” жараёнларининг жорий йилги 1-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан шериклик асосида киритилган лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилиши учун маблағлар транзит ҳисобрақамларига ўтказилиши керак.
Шериклик лойиҳалари бўйича фуқаролар маблағларни жорий йил 10 март, соат 18:00 га қадар транзит ҳисобрақамларига ўтказишлари лозим.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августда қабул қилинган “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини аҳоли ва давлат ўртасида шерикчилик асосида молиялаштириш имконияти яратилиши ва агар лойиҳалар қийматининг ярмини аҳоли қопласа, ушбу лойиҳалар автоматик ғолиб деб топилиши белгиланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йилги биринчи мавсуми учун лойиҳа киритиш босқичи расман якунлангани ва ушбу давр мобайнида фуқаролар томонидан жами 21 049 та лойиҳа таклифи тақдим этилгани ҳақида хабар берилган эди.