Олтин-валюта захирамиз пандемиядан чиқиб олишга етади – Назарбоев
Олам
−
03 Июль 2020
5735Қозоғистоннинг ташқи қарзи бошқа мамлакатларникига қараганда жуда оз. Ва Мустақилликнинг илк йилларда яратилган олтин захираси пандемия шароитидан эсон-омон ўтиб олишга етади. Бу ҳақда мамлакат Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев халққа мурожаатида маълум қилган.
Маълумки, жорий йилнинг 18 июнь куни коронавирусга чалингани аниқланган Назарбоевнинг кеча ушбу касалликни ортда қолдиргани эълон қилинди. Назарбоев халққа мурожаат йўллаб, ушбу қийин вазиятда уни қўллаб-қувватлагани, соғлик тилагани учун миннатдорлик билдирди. Элбоши ўз мурожаатида уни маънан қўллаган давлат раҳбарларига ҳам ташаккурини билдиради. Рўйхатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам номи кечган.
“Эсингизда бўлса, мустақилликнинг дастлабки йилларида менинг қарорим билан махсус Миллий жамғарма ташкил этилиб, мамлакатнинг олтин-валюта захираси шакллантирилди. Бу бизга иккита жаҳон инқирозини муваффақиятли энгишимизга имкон берди ва бугунги кунда ушбу маблағлар ҳукуматга пандемияга қарши курашда, шунингдек, кам таъминланганларга ёрдам беришда қўл келмоқда. Агар биз улардан оқилона ва эҳтиёткорлик билан фойдаланишни давом эттирсак, бошқа эҳтимолий қийинчиликларни самарали энгишимиз мумкин. Бизнинг устунлигимиз шуки, Қозоғистон бошқа мамлакатлар олдида энг паст қарзга эга”, дейди Нурсултон Назарбоев.
Собиқ Президент мурожаатида касалликни ўз танасида ҳис қилганини айтаркан, уни даволаган шикофокорларга ҳам миннатдорлик билдиради.
“Бугун бошимиздан кечираётган оғир давр – бутун инсоният учун синовдир. Ушбу касалликка қарши курашнинг бошида одамларни қутқариш учун бор кучини берадиган шифокорлар туради. Тиббиёт ходимларининг меҳнати бебаҳодир ва бугун бу ўзининг ишончли исботини кўрсатмоқда. Келгусида соғлиқни сақлаш соҳасига катта эътибор бериш, уни ривожлантириш учун зарур моддий ресурсларни ажратиш зарур”, дейди Назарбоев.
Элбоши мурожаати сўнгида одамларни огоҳликка, бефарқ бўлмасликка, касалликдан сақланишга, ўзини ва атрофидагиларни эҳтиёт қилишга чақирди.