Олтин маркази қоровулини дўппослаганлар қўлга олинди
3-саҳифа
−
24 Август
11809Олдинроқ, Тошкент шаҳрида жойлашган Олтин марказининг қоровули ўласи қилиб калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Ушбу муштлашувни содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 23 август куни Чилонзор туманидаги Олтин маркази олдида 1984 йилда туғилган А.Ш. Malibu русумли автомашинада автотураргоҳга кирмоқчи бўлган. Бироқ автотураргоҳ назорати ходимлари жой йўқлигини маълум қилган ва автомашинада келган фуқаролар ҳамда назорат бўлими ходимлари ўртасида оғзаки тортишув бошланган.
Шундан сўнг А.Ш. ўзининг танишлари 1986 йилда туғилган С.Ш., 1982 йилда туғилган Р.Н., 1979 йилда туғилган М.Ш., 1989 йилда туғилган С.М.ларни чақирган ва улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан автотураргоҳ олдида жанжал кўтарган. Улар Олтин марказида қоровул бўлиб ишловчи 1986 йилда туғилган Ғ.И. ва 1981 йилда туғилган А.К.ларни урган вақтида, марказ назорат бўлими ходими 1995 йилда туғилган Ж.И. уларнинг безорилик ҳаракатига чек қўйиш мақсадида ажратмоқчи бўлган. Оқибатда ушбу шахслар ўз фуқаролик бурчини бажараётган Ж.И.ни ҳам уриб тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.