Олмазорда ярим гектарлик сунъий кўл қурилади

Local

−

image

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида сунъий кўл ва сайр йўлакларини ўз ичига олган янги сайилгоҳ барпо этилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, дам олиш маскани Келес йўли кўчасининг КҲАЙ ва Қорақамиш кўчалари оралиғидаги ҳудудида қурилади. Лойиҳа доирасида 5017 квадрат метр майдонни эгаллайдиган сунъий кўл ташкил этилади. Унинг чуқурлиги 2 метр, сув сиғими эса 10 минг куб метр бўлиши режалаштирилган.

Шунингдек, кўл атрофида пиёдалар учун сайр йўлаклари ҳамда велосипед ҳаракати учун алоҳида йўлак қурилади. Уларнинг умумий узунлиги 2 километрни ташкил этади. Ҳокимликнинг билдиришича, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давомида ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар сақлаб қолинади. Кичикроқ дарахтларнинг айримлари эса мутахассислар назорати остида бошқа мос жойларга кўчирилади.

Бундан ташқари, сайилгоҳ ҳудудига 200 туп дарахт экиш кўзда тутилган. Лойиҳа ҳудуд қиёфасини яхшилаш, экологик муҳитни бойитиш ва аҳоли учун янги дам олиш масканини яратишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган тақдимот билан танишган эди. Унда Тошкент шаҳридаги сунъий кўллар сонини 12 тага етказиш бўйича масъулларга топшириқ берилгани хабар қилинган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends