Олмазор туманидаги қурилишлар: ташаббус ким томонидан бўлди?

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 ташаббуси доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари Олмазор туманида ҳам олиб борилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида туманда 6 та 360 ўринли боғча қуриб битказилди. Олимпия маҳалласидаги боғчада эса 2020 йилнинг февраль ойида бошланган қайта таъмирлаш ишлари коронавирусга қарши карантин чоралари сабабли тўхтаб қолганди. Боғча узоқ муддат ишламагани учун маҳалла аҳли ўз фарзандларини анча узоқдаги мактабгача таълим муассасасига олиб боришига тўғри келган.

Aммо энди бунга ҳожат қолмайди. Сабаби, маҳалла марказидаги боғча қайта таъмирланиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Илгарилари шароити анчайин оғир бўлган ушбу боғчанинг ҳаттоки атрофи ҳам ўралмаган эди. Тоза ичимлик суви ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Биз боғчада амалга оширилаётган қурилиш ишларини бевосита кузатиш давомида боғча мудирасини суҳбатга тортдик.

Рўзимурод Бердиев, журналист: ― Боғчанинг олдинги ҳолати қанақа эди?

Гулзода Мирзаева, 91-сонли МТМ директори: ― Жудаям ачинарли аҳволда эди. Мана бу фасад қисми бутунлай очиқ эди ва шу совуқ айвонда болалар кийим алмаштиришарди. Мусиқа хоналарига ҳам шу айвонча орқали ўтишарди. Ҳозир эса кўриб турибсизки, айвонча ёпилиб, шароитлар яратилмоқда. Ҳаттоки тоза ичимлик суви ҳам йўқ эди. Шунинг учун боғча ҳовлисидан маторли қудуқ қаздирдик. Усталар сув 40 метрдан чиққанини айтишяпти.

Р.Б: ― Ташаббус ким томонидан бўлди? Фуқароларнинг ўзлари “Бизга янги боғча қуриб беринглар” деб мурожаат билан чиқишдими?

Г.М: ― Aлбатта, фуқароларимиз мурожаат билан чиқишди. Боғчамизнинг шароитини яхшилаб беринглар, нуфузи ошсин, дея маҳалла фуқаролари ташаббус билан чиқишган. Ёзги айвончаларимиз ҳам жуда ёмон аҳволда эди. Боғча ҳовлиси ҳам ўралмаганди. Фуқароларнинг таклифидан кейин, мана кўриб турибсизларки, ҳаммаси қайта қуриляпти.

Ҳозирги кунда тумандаги 13 та маҳаллада қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, маҳалла гузарлари, жамоатчилик масканлари, кутубхоналар ва болалар майдончаларини қуриш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари бўйича 3-сектор ҳисобланувчи Хончорбоғ маҳалласида эса фуқароларни анчадан бери қийнаб келган муаммо – Қичқириқ канали атрофини ўраш масаласи ҳам ҳал бўлмоқда. Олдинлари кўпқаватли уйларнинг ёнидан оқиб ўтувчи каналнинг атрофи ўралмагани сабабли болаларнинг каналга тушиб кетиш хавфи юқори эди. Махсус панжарали тўсиқлар ўрнатиш бошланишидан олдин мана шундай нохуш ҳолат кузатилмаганми дея маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қаҳрамон Зуфаровга юзландик.

Қаҳрамон Зуфаров, “Хончорбоғ” МФЙ раиси: ― Йўқ, ундай нохуш ҳолат ҳали кузатилмади. Лекин ростан болаларнинг каналга тушиб кетиш хавфи бор эди. Ота-оналар доим шундан хавотирда эдилар. Ҳозир эса маҳалламиз “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, канал атрофи ўралмоқда. Болаларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун, бетон қуйилиб, симтўсиқлар ўрнатиляпти. Бу симтўсиқнинг узунлиги 180, 200 метр атрофида.

Р.Б: ― Aҳолидан “Бу нарсаларни сизлар учун қуряпмиз, пул йиғинглар” дейдиганларни кўрдик. Мана шундай вазиятлар бўлмадими?

Қ.З: ― Йўқ, бизда аҳолидан пул йиғиш ҳолати кузатилмади. Туман ҳокими ва сектор раҳбарининг шахсан ўзи назорат қилди. Маблағ эса туман ҳокимяти томонидан ажратилди. Яқинда кўчатлар ҳам олиб келиб экилади. Ҳамма жой кўкаламлаштирилиб, аҳолига керакли шароитлар яратилади.

Таъкидлаш керакки, Олмазор туманидаги қурилиш ишлари нафақат пойтахт, балки, Республика миқёсида ҳам ўрнак қилиб кўрсатишга арзийдиган ҳудудлардан биридир. Буни эса туманнинг қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари борасидаги тажрибасини ўрганиш учун эндигина тайинланган Фарғона шаҳри ҳокимининг шахсан ўзи келиб ўрганганидан ҳам билиш мумкин. Aгарда ҳар бир туман ҳокими халққа нима кераклигини билса, таъмирланиши лозим бўлган мактаб ва йўлларга жиддийроқ ёндаша олса тез орада мана шундай қайта қуриш ишлари бошқа туманларда ҳам амалга оширилишига ишонамиз.

Рўзимурод Бердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

қурилиш Олмазор 5 ташаббус

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг