Олийгоҳ талабалари референдумда овоз беришга мажбурландими? Вазирлик изоҳ берди
Жамият
−
30 Апрель 2023
6950Ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасалари ходимлари талабаларни уларнинг эркига зид равишда референдумда қатнашишга чорлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Вазирликнинг маълум қилишича, қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек, хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
“Барча олий таълим муассасалари раҳбарияти ва масъул ходимлари қонунчилигимиздаги ушбу талаблардан хабардор этилган ва тизимда мазкур талабларга риоя этилиши вазирликнинг алоҳида назоратидадир. Вазирлик талабаларнинг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркин бўлишини таъминлаш борасида қатъий позицияга эга”, дейилади хабарда.
Вазирлик томонидан талабаларнинг бу борадаги ҳуқуқлари бузилаётган бўлса, +998712071762 рақамига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш тегишли органларига хабар бериши сўралган.
“Сизнинг ҳуқуқларингиз қонунга мувофиқ ҳимоя қилинади ва айбдорларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилган вазирлик хабарида.
LiveБарчаси