Олий таълим вазирлиги “замдекан” талаба қизни зўрламоқчи бўлганига муносабат билдирди
Жамият
−
27 Октябрь 2021
19341Аввалроқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида факультет декани ўринбосари талаба қизни зўрламоқчи бўлгани, у қаршилик қилгач деразадан итариб юборгани ҳақида хабар берилганди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Педагогика университетида содир бўлган ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Вазирлик шу каби мурожаатлар учун махсус портал яратилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.
“Ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходимига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Шунингдек, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба қизларнинг шаъни ва номусига қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатларни кескин қоралайди ва, албатта, бу каби ҳолатларга қарши қатъий курашади.
Тез орада бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор мурожаат қилиш имконини берадиган махсус портал яратилади ҳамда ишга туширилади”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 октябрь куни Муштарибону Камилова “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси