Олий таълим коррупциядан ҳоли деб эълон қилингани даража эмас, уят! – Тошқулов

Жамият

image

Олий таълимнинг коррупциядан ҳоли деб эълон қилингани соҳага берилган даража эмас, балки уятдир. Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Жиззах вилояти олий таълим муассасаларидаги таълим сифати ва самарадорлиги билан боғлиқ жараёнларни ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида ўтказилган йиғилишда шундай фикр билдирди.

“Олий таълимда коррупция бор”, деган тушунча нафақат жамият ва халқда, балки, аксарият, раҳбарларда ҳам бор. Лекин мен тизимнинг раҳбари сифатида шуни айтаманки, коррупция баробарларга камайиб кетди. Минг афсус, энди атрофда фирибгарлар бор. Мана ҳозир шу ерга келгунимча ҳам, менга матбуот хизматининг раҳбари 5 та ҳолатни ташлаб берди. Қашқадарё ва водийда умуман университетга алоқаси йўқ одам “Ўқишингни кўчириб бераман”, деб 3 мингдан 6 минг доллар пора олган”, дейди вазир.

Шунингдек, Тошқулов бугун олий таълимда бўлаётган коррупцион ҳолатларга фақат ўқитувчилар эмас, балки бошқа ходимлар ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлади.

“Энг муҳими, охирги вақтда ўқитувчилар эмас, балки котиба, ёрдамчи, лаборант, талаба ҳам бу ишга аралашиб кетмоқда. Бу иш кимгадир бориб тақалмаса, улар буни қилмайди. Уларнинг ҳаммаси ҳам фирибгар эмас. Ўзингизни йиғиштириб олинг”, дейди Абдуқодир Тошқулов.

Вазир сўзида давом этиб, кўплаб аҳоли олий таълимда коррупция йўқлигига ишонмаслиги, қолаверса, “Таълим ва қурилиш соҳасида коррупция йўқ”, деб эълон қилингани соҳага берилган даража эмас, аксинча, уят эканини урғулади.

“65 фоиз аҳоли олий таълимга ҳали ҳам ишонмайди”, дейилган сўров натижаларини ўқиганмиз. Аслида, бу натижа 0 фоиз бўлиши керак. Халқ ва раҳбарият олий таълимни “ювелир” даражада  тоза бўлишини хоҳлайди. Бутун дунёда ҳам шундай. Бунақа нарсалар одамларнинг хаёлига ҳам келмайди. Шунинг учун бундан хулоса ва тарғибот қилиш керак. Мен уяламан. Қурилиш билан олий таълим  коррупциядан ҳоли соҳа деб эълон қилингани сиз билан бизга берилган даража эмас, бу – уят!”, дейди вазир.

Аввалроқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Қашқадарё олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга Telegram орқали дарс берилганини танқид қилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий таълим коррупциядан

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг