Олий суд қарорига “олий беписандлик”. Қуйичирчиқ ҳокимига суднинг “гапи” ўтмайдими?
Таҳлил
−
21 Декабрь 2019
11475Жамиятда қонунустуворлиги қай даражада эканлигини судларнинг фаолиятига қараб билиш мумкин. Хўш, суд қарорлари қандай жиҳатлар асосида қабул қилиняпти ва уларнинг ижроси ҳам таъминланяптими?
Навбатдаги мурожаат электрон шаклда ёки эълонлар асосида эмас, балки тўғридан-тўғри эфир кетаётган вақтда янгради. Жорий йил 18 декабрь куни "Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – халқ фаровонлиги ва давлат тараққиётининг кафолати" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Ушбу учрашувда Олий суд раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Адлия вазири Руслан Давлетовлар хозир бўлишган эди.
Учрашувда ОАВ вакиллари билан бир қаторда муаммоси ҳал этилмаган фуқарони ҳам учратдик. Қуйичирчиқда фермерлик билан шуғулланувчи Акмалхўжа Турсунхонов Олий суд раисига юзланди. Фуқаронинг эътирозига кўра, Олий суд қарори чиқарилган бўлса ҳам туман ҳокими ҳали-хануз унинг ерини қайтариб бермаган. Маҳкама раиси мурожаатчидан шикоятини аниқлаб ёрдам беришини айтди. Биз ҳам бу норози фермер билан ҳам суҳбатлашдик.
Мурожаатчига сўз
“2019 йил 12 апрелда туман ҳокими ҳеч қандай суд қарорисиз, ноқонуний еримни тортиб олган ва кластерга бериб юборган. Биз туман ҳокимига айтдик – “Шунча меҳнат қилдик” дедик. Пахта ва ғалла бўйича режаларини тўлиқ бажарганмиз. 5 миллиард сўмга кредит асосида 20дан ортиқ техника олганман. Унинг 2 миллиарди турибди.
Кўп жойларга мурожаат қилдим. Бош прокуратурага, Адлия вазирлигига, бизнес омбудсманга, партияларга мурожаат қилдим. Биронтасидан натижа бўлмади. Вилоят прокуратураси туман прокуратурасига, улар туман ҳокимига туширди. Туман ҳокими ўзининг қишлоқ хўжалиги бўийча ўринбосарига, ўринбосар мутахассисга туширди.
Адлия бошқармаси ҳам ҳеч қандай жавоб бермади. Вазирлик вилоятга, вилоят туманга туширди. Ҳеч қандай фойда чиқмади.
Кейин судга бердим...”, – дейди мурожаатчи норози оҳангда.
Олий судда “синган” қуйи суд қарорлари
Мурожаатчи билан суҳбатлашар эканмиз нафақат туман ҳокимидан, балки қуйи суд органларидан ҳам норози эканлигини айтди. Бизга тақдим этган суд қарорларига кўра, мурожаатчи судлар орасида роса сарсон бўлган. Келинг, уларни бир таҳлил қилиб чиқсак...
Аввалига Қуйичирчиқ туман маъмурий судида иш кўриб чиқилган. Суд томонларни эшитганидан сўнг, туман ҳокими ноқонуний иш қилмаган деган хулосага келган. Бунга сабаб туман ҳокими Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида иш юритганлигини, бу қарорнинг мазмун моҳиятини тушунтириш мақсадида йиғилиш ўтказгани инобатга олинган. Аризачининг даъвоси ўз исботини топмаган дея баҳоланган.
Шундан сўнг, бу суд қарори устидан апелляция берилган. Апелляция инстанциясида иш кўриб чиқилган ва қарор қабул қилинган. Унга кўра, туман ҳокими Вазирлар Маҳкамасининг 974-сонли қарорига асосан иш юритган деб ҳисобланган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори Конституцияга мувофиқлиги юзасидан Конституцион судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган. Қуйи инстанция суди қарори ўз кучида қолдирилган.
Олий суддан адолат излаб
“Икки инстанция судидан норози бўлиб, Олий судга мурожаат қилдим. Олий суд батафсил далиллар ва ҳолатларни текшириб чиқди. Шундан сўнг, Олий суд олдинги суд қарорларини бекор қилди. Билмадим, туман ва вилоят судлари қонунни тушунмадими, билимсизлик қилдими ёки ташқи босим бўлдими? Нима бўлса ҳам улар рад қилди. Олий судга минг раҳмат, қонунни билар экан. Бандма-банд ҳаммасини асосли эканлигини исботлаб берди”, – дейди фермер Акмалхўжа.
Биз Олий суднинг қарорига ҳам кўз югиртирдик. Унда Олий суд қуйи судларнинг қарорлари нималарда хатоларга йўл қўйганлигини кўрсатиб ўтган.
Қарорда келтирилишича, ерни захирага олиш, ер ижара шартномасини бекор қилиш нотўғри амалга оширилган. Ер кодексининг 36, 24-моддаларига риоя қилинмаган. Ер ижара шартномаси ўз кучида эканлиги эътироф этилган. Шу билан бирга, фермернинг режаларни бажармаганлиги бўйича далиллар мавжуд эмас дея белгиланган. Аксинча, фермер режаларни бажариб келгани исботланган. Туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган ва қуйи суд қарорлари бекор қилинган.
Олий суд қарорига беписандликми?
Олий суд қарор чиқарилди. Фермер ҳақиқатга эришдим деганда бошқа муаммо пайдо бўлгани ҳақида айтади. Қарор ижроси... Туманларда, одатда ҳокимлар олий раҳбар бўлиб олади. Фермернинг айтишича, орадан 1,5 ойдирки қарор ижроси амалга ошмаган. Ваҳоланки, Олий суд қарорининг ўзида қарор кўчирмасини олганидан сўнг ҳокимлик бир ой ичида судни хабардор қилиш ёзилган.
Биз масала юзасидан Қуйичирчиқ туман ҳокими Акмалхон ... билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ бунинг уддасидан чиқа олмадик. Ҳокимнинг иш телефони ҳам, қўл телефони ҳам жавоб бермади. Уринишларимиздан сўнг, ҳоким ёрдамчиси Марат Нуров билан суҳбатлашдик. Масъул шахснинг айтишича, қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ҳкоим ўринбосари бу масалада апелляция берганлигини ва унинг жавобини кутиб турганини маълум қилди.
Ахир, қандай қилиб Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори устидан апелляция бериш мумкин? Назорат инстанцияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга киритилади дейилган-ку. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 266-моддасида суд кўрсатмалари мажбурий дейилган. Нега туман ҳокими шунча муддатдан бери Олий суд қарорига бўйсунмаяпти? Бир ой ичида хабардор қилиш масаласи-чи?
Бундан ташқари, нега айнан Олий судгача иш етиб борди ва атрофлича ўрганилиб ҳақиқат юзага чиқди. Қуйичирчиқ туман маъмурий суди судьялари, Тошкент вилоят маъмурий суди судлари ишни юзаки кўрганми? Ёки уларга ташқи босим бўлганми?
Ўйлаймизки, тез орада туман ҳокими суд қарорини ижро қилиб фермерга ерни қайтаради. Судьялар эса бундан сўнг қарор қабул қилишда кўрга ҳассадек аён бўлган далилларга кўз юмишмайди...