Олий суд Атамбоевга тайинланган жазони бекор қилди

Олам

image

Қирғизистон Олий суди “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилиш иши бўйича собиқ Президент Алмазбек Атамбоевги нисбатан чиқарилган икки инстанция ҳукмини бекор қилди. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.

Собиқ Президент Алмазбек Атамбоев асосий айбланувчи бўлган жиноий иш янги суд жараёни учун Бишкек шаҳрининг Первомайский туман судига юборилган.

Аввалроқ, Алмазбек Атамбоевнинг адвокатлари жазони ўтаётган жиноят иши қайта кўриб чиқишга юборилганлиги сабабли уни колониядан озод қилишни сўраётгани хабар қилинганди.

Атамбоев нимада айбланганди?

2006 йилда “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги колониялардан бирида тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Тўполон пайтида депутат Тинишбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилганди.

2013 йилда Батукаев қамоқдан тиббий комиссия хулосасига кўра озод қилинган. Хулосага кўра, Батукаевга қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилган. У қамоқдан чиқиш билан дарҳол тарихий Ватани Чеченистонга учиб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар сохта эканлиги аниқ бўлган, аммо Қирғизистон ҳукумати Батукаевни ортга қайтара олмаган.

Батукаевнинг озод қилиниши бўйича очилган жиноят иши якунида Атамбоев 11 йиллик қамоқ жазосини олганди. Август ойида Бишкек шаҳар судининг ҳайъати ушбу ҳукмни тасдиқлади.

Қайд этилишича, бу ишда собиқ Президентдан ташқари яна уч киши – шифокор Абдуҳалим Раимжонов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева ва Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев иштирок этган.

Собиқ маслаҳатчи ҳибсда сақлангани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жолдубаева 5 миллион сом (66,7 минг доллар) жаримага тортилган. Шифокор эса жиноятнинг муддати ўтганлиги туфайли жазодан қутулиб қолган.

Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари вақтида одамлар Атамбоевни қамоқдан озод қилди. Аммо у кейинроқ Бишкекда намойиш уюштиришда айланиб, яна ҳибсга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев

Баҳолаганлар

422

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг