Олинг қуда, беринг қуда: футбол юлдузлари жамоасини ўзгартирадими?

Спорт 8032
image

Европанинг топ 5 чемпионатларида жорий йилнинг январидан қишки трансфер бозорлари расман очилди. Аллақачон, бир қатор номдор жамоалар скаутлар ёрдамида  ўз сафларига бир неча ёш ва иқтидорли ўйинчиларни қўшиб олишга ҳам улгурди. Бироқ, асосий эътибор Месси, Роналдо ва Ибрагимович каби юлдузларга қаратилган. Оғир ўтган 2020 йилда улар ўз жамоаларини тарк этиши ҳақида етарлича миш-мишлар тарқалди. Мана энди бозор очиқ. Ҳўш ким қаерга ва қачон йўл олади? Юлдузга айланиб улгурган Мбаппе ҳамда Холанд каби ёшларчи? Топ клубларнинг нишонида турган ўйинчилар ўз келажагини кеарда кўрмоқда? 

Месси: “Барселона”, МЛС ёки Европанинг бошқа гранд клуби?

Ўтган йилнинг август ойи охирида Мессининг “Барселона”дан кетишига бир қадам қолган эди. Буни “Барселона” муҳлислари яхши эслайди. Гарчанд Лео “кўк-анор ранглилар” либосида майдонга тушишда давом этаётган бўлса ҳам, унинг клубдан кетиш хавфи юқори. Мессининг ўзи кетиши тўғрисидаги хабарларга қуйидагича изоҳ берган эди:

“Жуда оғир мавсум ўтказдик. Машғулотларда ҳам, кийим алмаштириш хонасида ҳам муаммолар кўп бўлди. Мен ҳар доим карьерамни шу ерда якунлашни хоҳлаганман, аммо кейин жамоага янги қон кераклигини тушуниб етдим. Ва ўзим учун янги мақсадларни излашга қарор қилдим. Клубдан кетиш қарорини “Бавария”га мағлуб бўлганимиздан кейин қабул қилмаганман. Мен президентга анча олдин кетишим ҳақида айтган эдим. У ҳар доим мавсум охирида кетишим ёки қолишимни ўзим танлашим мумкинлигини айтарди. Аммо у сўзида турмади. Кетишга қарор қилиш жуда оғир эди. Аммо клубда анчадан бери ҳеч қандай лойиҳа мавжуд эмас. Майда тешикларни ёпиб, турли хил ҳийла-найранглар билан ғолиб клубни қуриб бўлмайди”.

Леонинг “Барселона” билан шартномаси 2021 йил 30 июнига қадар амал қилади. Футболчи ва клуб ўртасида бўлиб ўтган воқеалар шартнома муддати узаймаслигидан ишора қилмоқда. Бироқ Мессининг ўтган йили декабрь ойида “Барcелона”даги келажаги тўғрисидаги нутқидан клубга нисбатан меҳри борлигини сезиш мумкин.

“Мен бирон бир клуб билан музокара олиб бормаяпман. Мавсум охиригача ҳеч нарса аниқ эмас. Кўрамиз, қани нима бўлар экан. Лекин, мен аниқ “Реал Мадрид” ёки “Атлетико Мадрид”га ўтмайман, бунинг иложи ҳам йўқ. “Барселона”ни тарк этаманми ёки йўқ, бу ҳақда мавсум охирида гаплашамиз. Аммо, фаолиятимни якунлаганимдан кейин ҳам клубда қоламан деган умиддаман”,  деган эди аргентиналик форвард.

Месси Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишни хоҳлайди ва буни яширмаяпти. Ҳозир унга “Барселона” билан ушбу турнирда ғолиб чиқиш қийин. Шунинг учун Мессининг трансфери амалга ошган тақдирда ҳам,  фақат гранд клубга қўшилади. Леода яна бир орзу бор – МЛСда ўйнаш. “Goal” нашрига кўра, у собиқ жамоадоши Луис Суарес билан бирга Бекхемнинг “Интер Маями” клубига ўтиши ҳам мумкин. Бироқ, бунинг учун 2022 йилнинг ёзини кутишга тўғри келади.

Келгуси мавсумларда Погба қаерда тўп суради?

Ўтган йилнинг 8 декабрь куни Италиянинг “Tuttosport” нашрида  Поль Погбанинг агенти Мино Райола билан интервью эълон қилинганди.

“Погба ва “Манчестер Юнайтед” ўртасида ҳеч нарса қолмади, деб айта оламан. Поль клубдаги вазиятдан норози, чунки у ўзидан кутилган ўйинни тўлиқ кўрсата олмаяпти. Унга янги жамоа керак. Унинг шартномаси яна 18 ой давомида амал қилади – келишув 2022 йилнинг ёзида тугайди. 

Менимча, биз учун ҳам, МЮ учун ҳам энг яхши қарор – трасферлар ойнаси очиқлиги пайтида янги келишувни амалга ошириш. Агар бу амалга ошмаса, клуб уни текинга қўйиб юбориб, яхшигина суммадан айрилиши мумкин, чунки Погба шартномани узайтирмоқчи эмас. Агар кимдир буни англамаётган бўлса, демак у футбол қандай ишлашини тушунмайди”, деган эди футболчининг агенти.

Журналист Кристиан Фолкга кўра, “Манчестер Юнайтед” билан Поль ўртасидаги вазяит жиддий. Агар Райола мижози Погба учун янги клуб топмаса, футболчи агенти билан шартномани тўхтатади.

Райола аллақачон “Манчестер Юнайтед” раҳбариятини футболчи эркин агент сифатида бепулга бошқа клубга ўтмагунга қадар, уни сотишга чақирган.

Ўтган йил давомида Погбанинг нархи, “Transfermarkt” маълумотларига кўра, 100 миллион евродан 65 миллион еврогача тушди.

“Милан” Ибрагимович билан шартномани узайтирадими?

Навбат Райоланинг бошқа бир мижози Ибрагимовичга. Ўтган йилнинг 27 декабрь куни “Милан” Бош директори Иван Газидис футболчи билан шартномани узайтирилиши ҳақида фикрларини билдирган эди. 

“Биз шартномани узайтириш масаласини ҳали муҳокама қилганимиз йўқ. Бу нафақат клубнинг, балки Ибранинг ҳам қарори бўлади. У ўзига хос шахс, иродали ва ўта ақлли. Биз уни 2019 йилнинг январидаёқ сафимизга қўшиб олмоқчи бўлгандик. Лекин, ўшанда Ибра ҳали “Лос-Анжелес Гелакси”да якунланмаган ишлари борлигини айтиб, таклифимизни рад қилган эди. У ҳар доим барчани юқори даражада ишлашга чақиради. Ва бу билан нафақат футболчиларни, балки бутун жамоани олдинга ундайди”, деган эди клуб Бош директори.

Ибрагимович Миланга 2020 йилнинг январида “Лос-Анжелес Гелакиси”дан қўшилди. Ўшандан бери Златан 30 та ўйин ўтказди ва 22 та гол урди. Ибра сермаҳсул ўйинчи. 39 ёшида у Италия чемпионатининг олтита учрашувида 10 та гол урган. Тўғри, жароҳатлар шведни бир қатор муҳим ўйинларни ўтказиб юборишга мажбур қилмоқда. Ҳусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида “Наполи”га қарши ўйинда Златан такрорий жароҳат олди. Энди у фақат жорий йилнинг январь ойи ўрталарида майдонга қайтиши мумкин. Бу вақт ичида “Милан” ҳужумчиси 11 та ўйинни ўтказиб юборади. Италия клуби аллақачон, Льорентени Ибрагимович ўрнига таклиф қилиш ҳақида ўйламоқда.

Ибрагимовичнинг агенти Райоланинг фикрига кўра эса, футболчи камида яна беш йил давомида энг юқори даражада ўйнай олади. 

“Златаннинг ёшида аллақачон чарчоқни ҳис қилган кўплаб футболчиларни кўрдим. Аммо Златан бошқача. Менимча, у яна беш йил бемалол ўйнай олади. Уни МЛСга олиб кетганимдан афсусдаман. Биз вақтни бекорга сарфладик. Фикримча, “Ибра” келажакда муҳим роль ўйнайди. Балки, у футболни ўзгартириш учун УЕФА президенти ҳам бўлар”, дейди футболчининг агенти Райола.

Роналду “Ювентус”дан кетадими?

Криштиану Роналдунинг “Ювентус”дан кетиши ҳақидаги миш-мишлар анча босилиб қолди. Бироқ, яқин вақтгача Турин клуби коронавирус пандемияси шароитида харажатларни камайтиришнинг турли хил вариантларини кўриб чиқди. Ва улардан энг кўзга кўриниб тургани жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиси Криштиану Роналдунинг (йилига 31 миллион евро) сотилиши эди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ёзида “Ювентус” 2018 йилда “Криш” учун сарфланган 100 миллион евронинг  бир қисмини ишлаб олишга ҳаракат қилади.

Роналду МЛСга хайрихоҳлигини яширмайди, аммо “Ювентус" форварди ҳамон юқори савиядаги ўйинларда тўп суришни истайди. Сўнгги миш-мишлар орасида Роналду ПСЖ ва МЮ каби жамоаларга ўтиши мумкинлиги қулоққа чалинган эди. “France Football” нашрига кўра, Рони Париж клубига ўтиш истаги ҳақида гапирган. Роналдуда Неймар ва Мбаппе билан ўйнаш нияти йўқ эмас. Криштиану бразилиялик Неймар билан илиқ муносабатда, франциялик эса унга хавас қилади. Яхши муносабатлардан ташқари, Роналду унга 2016 йилда Европа чемпионлигини тақдим қилган Париж шаҳрида яшаш ва ўйнашни орзу қилади.

Мбаппе, Парижда қоласизми ёки Мадридга кетасизми?

Францияликнинг “қаймоқранглилар” лагерига кетиши мумкинлиги ҳақидаги суҳбатлар анчадан бери давом этиб келмоқда. Агар илгари бу трансфернинг эҳтимоли юқори бўлган бўлса, энди Мбаппени “Реал” формасида кўриш эҳтимоли паст. Ҳаммасига Тухель сабабчи. Унинг истеъфоси кўп нарсага таъсир қилди. Испаниянинг AS нашрига кўра, футболчининг немис мутахассиси билан муносабати салбий бўлган, аммо унинг истеъфоси ва клубга Маурисио Почеттинонинг бош мураббай сифатида таклиф қилиниши ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Энди Мбаппени бор кучи билан ушлаб туришга уринаётган ПСЖда у билан шартномани узайтириш имконияти пайдо бўлди.

Клуб Мбаппега яхшиланган шартнома таклиф қилиш учун Паредес ва Дракслер билан хайрлашишга ҳам тайёр. Мбаппедан ташқари ПСЖнинг яна бир юлдуз-ҳужумчиси Неймар билан шартнома бир ярим йилдан сўнг тугайди. Бразилиялик футболчи, ўз навбатида, Рамос ПСЖга ўтадиган бўлса, Мбаппе билан биргаликда шартномани узайтириши ҳақида эълон қилган.

Холанднинг келажаги қаерда?

Эрлинг Холанд “Боруссия”га ўтганидан кейин кўрсаткичлари янада ўсди. “Асаларилар” форварди ушбу мавсумда 13 учрашувда 16 та гол урди. Шу билан норвегиялик гол уришда ва топ-клубларнинг эътиборини жалб қилишда давом этмоқда. “Ред Булл Зальцбург” клуби спорт Директори Кристофа Фройнданинг сўзларига кўра, Холанднинг келажаги “Ливерпуль”да бўлади. Бироқ, уни ўз таркибида кўришни истаётган клублар орасиди “мерсисайдликлар” йўқ, аммо “Манчестер Сити”, “Челси”, “Манчестер Юнайтед” ва “Реал Мадрид” каби грандар мавжуд. “Сити” ҳужумчини Серхио Агуэрога ўринбосар сифатида кўрмоқда, “Юнайтед” Холандни сотиб олишга жиддий киришмоқда. “Қаймоқранглилар” 2022 йилда трансферни амалга оширмоқчи бўлса, “Челси” уни ёздаёқ сотиб олишга тайёр.

Футболчи айни вақтда ўзини “Боруссия”да яхши ҳис қилмоқда ва клубини ўзгартиришга шошилмаяпти. Норвегиялик Германияда бир нечта совринларни ютмоқчига ўхшайди.

Диего Коста ўзига клуб изламоқда

Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Коста “Атлетико Мадрид” билан 2021 йил 30 июнгача мўлжалланган шартномани бекор қилди. Ушбу ҳужумчи шахсий ҳаётидаги сабабларга кўра, клубдан кетишини маълум қилган. Диего ушбу мавсумда етти ўйин ўтказиб, иккита гол урди. 

Сўнгги пайтларда, Коста футбол ўйнашга қараганда кўпроқ муолажа олмоқда. Бундан ташқари, у Суаресга рақобатни бой бериб қўйди. Унинг навбатдаги клуби “Ювентус” бўлиши мумкин. Туринликлар Диего Коста, Мемфис Депай ва Дивок Ориги ўртасида танлов ўтказмоқда. Улар барқарор ўйин кўрсата олмаётган Алваро Моратага ўринбосар қидиряпти. Диегога “Атлетико Мадрид”да Суарес халақит қилган бўлса, “Ювентус”га келиш йўлини, эндиликда, Элдор тўсиб қўйиши мумкин.  Сўнгги хабарларга кўра, “Ювентус” ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродовга ҳам қизиқиб қолган ва уни айнан Моратага ўринбосар сифади кўрмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 106
Рейтинг: 3
t
×