2020 йилда қайси футбол юлдузлари фаолиятини якунлади?
Спорт
−
06 Январь 2021
7691Мухлислар учун севимли футболчиларини майдонда бошқа кўрмаслик нақадар оғир бўлмасин, вақт ҳаммага бирдек таъсир қилади. Маълум бир муддат футболсиз ўтган 2020 йилда бир қатор номдор футболчилар фаолиятини якунлади.
Қуйида кайси юлдузлар футболни тарк этгани ҳақида сўзлашиб, уларнинг фаолиятига қисқача назар ташлаймиз.
Даниеле де Росси
Италия терма жамоаси сафида Жаҳон чемпиони бўлган Де Росси 2020 йилнинг февраль ойида фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Профессионал футболчилик фаолиятини 2001 йилда бошлаган италиялик “жангчи” Рим клуби “Рома”нинг таянчи эди. Бироқ, Де Росси жамоадоши Тотти каби битта клубнинг футболчиси бўлиб қолмади. У 2019 йилда Аргентинанинг “Бока Хуниорс” клубига ўтди. Бу унинг орзуси эди.
Лекин, қаҳрамонимиз Жанубий Америкада узоқ қолмади. У “Бока Хуниорс” клубидаги ярим йиллик фаолияти давомида атиги 7 учрашувда майдонга тушди. Сўнгра фаолиятини якунлади.
“Фаолиятимни тугатишимнинг ягона сабаби қизим Гаянинг Римда қолгани эди. У жуда узоқда”, деб тушунтириш берган эди Де Росси.
Жаҳон чемпиони, икки бор Италия кубоги ғолиби, Италия суперкубоги соҳиби ва Аргентина чемпиони бўлган Де Россида мураббий бўлиш режаси бор.
Икер Касильяс
Испания терма жамоаси миллий либосида 2010 йил Жаҳон чемпиони бўлган Касильяс 2020 йилнинг август ойида фаолиятини тугатди.
Профессионал футболчилик фаолиятини 1998 йилда бошлаган испаниялик дарвозабон “Реал Мадрид” клубининг посбони эди. Жамоадаги узоқ йиллик, муваффақиятли фаолиятидан сўнг клуб президенти Флорентино Переснинг босими остида Касильяс 2015 йилда жамоани тарк этди. Жонажон клубидан кетиш Икер учун орзудагидек кечмади. Ҳайрлашув маросимида эса, кўз ёшларини яширмаганлар етарлича бўлди.
Ишсиз қолган тажрибали дарвозабонга “Арсенал”, ПСЖ, “Интер” ва “Тотенхэм” каби кўплаб топ клублардан таклифлар бўлди. Бироқ, Икер Португалиянинг “Порту” клубини маъкул топди ва бу клуб билан ҳам бир қатор совринлар ютишга муваффақ бўлди.
Эҳтимол, у яна бир неча мавсум майдонда қолишни истагандир, аммо, у 2019 йилнинг май ойида миокард инфарктини бошдан кечирди. Шундан сўнг бир йил танаффус олди ва 2020 йилда фаолияти туганини эълон қилди.
Икер Касильясда шаҳсий ютуқлар ҳам, жамоавий совринлар ҳам жуда кўп. Уларнинг ичида эса Испания терма жамоаси билан эришган Жаҳон чемпионатининг бош совини ва ўша чемпионатдаги олтин қўлқопнинг ўрни ўзгача.
Орада 5 йил ўтиб қаҳрамонимиз ўзининг ҳақиқий уйи, “Реал”га қайтди. У ҳозирда клуб фондининг ёрдамчи директори вазифасида ишламоқда.
Венсан Компани
2018 йилги Жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби, Бельгия терма жамоаси сардори Венсан Компани 2020 йилнинг август ойида фаолияти тугаганини эълон қилди.
17 йиллик футболдаги фаолияти давомида Компани “Андерлехт”, “Гамбург” ва “Манчестер Сити” сафида тўр суриб, бир қатор ёрқин даврларни бошдан кечирди. Айниқса, “шаҳарликлар” сафида сермаҳсул ўйин курсатиб, 12 та жамоавий соврин ютди.
“Андерлехт” тарбияланувчиси ҳисобланган Венсан ҳозирда ушбу клубда мураббийлик қилмоқда.
“Мен ўзимни мураббий ролига тўлиқ бағишламоқчиман ва бунинг учун 100 фоиз эътибор қаратишим керак. Шунинг учун ҳам мен футболчилик фаолиятимни якунладим”, деган эди бельгиялик ҳимоячи ўтган йилнинг августида.
Хавьер Маскерано
2014 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медали соҳиби бўлган, Аргентина терма жамоаси сафидаги ўйинлари сони билан рекорд ўрнатган, ҳимоячи Хавьер Маскерано ҳам 2020 йилда футболчилик фаолияти тугатди.
Бразилия ва Аргентина чемпионатидан ташқари Маскерано Англиянинг “Вест Хэм” ҳамда “Ливерпуль” клубларида тўп сурди. “Барселона” сафида эса, бир қатор совринлар ютди. Биргаликда кўплаб ғалабалар қилган “Барселона” билан ҳимоячи жорий йилнинг ноябрь ойида ҳайрлашди.
“Сўнгги ойларда шахсий ҳаётим билан содир бўлган воқеалар туфайли фаолиятимни якунлаш вақти келди. Мен бу ҳақда доимо ўйлардим ва бугун бу энг тўғри қарор. Мен ҳар доим ўз касбимда яшаб, унга боримни бердим. Аммо сўнгги пайтларда қийинликни ҳис қиляпман... Пандемия ва ўйинларнинг тикланишидан сўнг, мен яна туртки ҳис қиламан, деб ўйлагандим, аммо муаммо шуки, мен буни қила олмадим”, деган эди Маскерано.
Хавьер 2014 йилги Жаҳон чемпионати финалининг Германияга бой берилганидан афсусланиши мумкинлигини ҳисобга олмасак, у жуда узоқ ва муваффақиятли йўлни босиб ўтди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15