Олимпиаданинг қоидабузар чемпиони
Интервью
−
19 Декабрь
8645Ортда қолаётган йилда Парижда ўтказилган Олимпиада ўйинлари том маънода ўзбек спорти янги даражага чиққанини кўрсатиб берди. 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза, жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 13-ўринни қўлга киритган делегация ҳисобига энг кўп ва сифатли медалларни қўшиб қўйган бу бокс терма жамоаси аъзолари бўлди.
Жумладан, -71 кг вазнда иштирок этган Асадхўжа Мўйдинхўжаев кўплаб танқидларга қарамай, кучли рақибларини доғда қолдириб, якунда Олимпиада чемпиони деган номга сазовор бўлди.
2023 йил Хитойда ўтган Осиё ўйинларида Мўйдинхўжаев қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновни 2 та раундда ютиб, 3-раундда техник нокаутга учраганидан кейин кўплаб танқидларга учраганди, бироқ спортчи оғир мағлубиятдан синиб қолмади ва тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасига муносиб тайёрланиб, якунда олтин медалга сазовор бўлди.
QALAMPIR.UZ Мўйдинхўжаев билан интервью ташкиллаштириб, Шимбергеновдан учралган мағлубиятдан кейинги қийинчиликлар ва Тўлқин Қиличевсиз Олимпиада финалида иштирок этгани билан боғлиқ ҳолатларга қизиқди.
“Шимбергеновдан учралган мағлубиятни мен ўзим учун катта тажриба сифатида қабул қиламан. Бу муваффақиятсизликдан кейин ўз устимда ишладим ва якунда Олимпия чемпиони бўлдим”, дейди Мўйдинхўжаев.
Шунингдек, 23 ёшли боксчи Тошкент кўчаларида Президент совға қилган Tahoe автомобилида қайд этган қоидабузарлиги билан боғлиқ вазиятга ҳам изоҳ берди.
“Бу тўқликка шўхлик эмас. Қонун ҳамма учун баробар. Тўғриси, ҳаммаси тасодифан содир бўлди”, дейди боксчи.
Маълумот учун, Мўйдинхўжаев 2001 йил 8 май куни Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган. Олимпиада чемпиони бўлишдан ташқари 2022 йил Амманда ўтган Осиё чемпионатида бронза медалга, 2023 йил Тошкент мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган.