Олимпиаданинг 10-куни ўзбекистонлик спортчилар учун анча эрта якунланди

Спорт

image

Бугун, 2 август куни Токио Олимпиадасида спортнинг енгил атлетика ва юнон-рум кураши бўйича икки нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.

Енгил атлетика. Олимпия ўйинлари доирасида енгил атлетиканинг босқон улоқтириш йўналиши бўйича саралаш баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик Суҳроб Хўжаев ўз уринишини якунлади.

“А” гуруҳида баҳсларга киришган Хўжаев 71.26 метр натижа қайд этди. Бу унинг учун Олимпия ўйинларидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Қайд этиш жоиз, у аввал Лондон-2012 ва Рио-2016 Олимпиадаларида ҳам қатнашиб, 65.88 ва 70.11 метр натижа кўрсатган эди.

Шу тариқа Сухроб Хўжаев ушбу кўрсаткич билан гуруҳда энг сўнгги (15) ўринни банд этди.

Юнон-рум кураши. Токио-2020 Олимпиадасининг юнон-рум кураши бўйича -77 ва -97 кг вазн тоифаларида  беллашувлар старт олди.

-77 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жалгасбой Бердимуродов нимчорак финалда арманистонлик Карапет Чалянга 0-5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Агар Карапет финалга йўл олса, у ҳолда Бердимуродовда Олимпия ўйинларининг бронза медали учун курашиш имконияти юзага келади. Арманистонлик курашчи чорак финалда россиялик Александр Чехиркин билан тўқнаш келади. 

Маълумот учун, кеча, 1 август куни ўзбекистонлик Элмурод Тасмуродов ва Мўминжон Абдуллаев нимчорак финалда имкониятни бой бериб, ўз иштирокини якунлагани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Токио-2020 Енгил атлетика Юнон-рум кураши Жалгасбой Бердимуродов Сухроб Хўжаев

Баҳолаганлар

421

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг