Олимпиада якунлари: Ўзбекистон медаллар жамғариш бўйича нечанчи ўринда?

Спорт

image

Жорий йилнинг 23 июлидан 8 августга қадар бўлиб ўтган Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 3 та олтин ва 2 та бронза медаль қўлга киритди. Ушбу натижа эвазига делегация вакиллари медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида 32, МДҲ мамлакатлари орасида 2 ҳамда туркий давлатлар (ҳатто Туркияни ҳам ортда қолдириб) ва Марказий Осиё мамлакатлари ичида 1-ўринни эгаллади.

Рио Олимпиадасида 21-ўринни банд этган Ўзбекистон спортчилари бу сафар 11 поғона пастлади.

МДҲ мамлакатлари орасида Россия Олимпия қўмитасидан (РОҚ) сўнг, 2-ўрин банд қилинди. РОҚ вакиллари 20 та олтин, 28 та кумуш ва 23 та бронза медалига эгалик қилди. 

Марказий Осиё давлатлари орасида эса ўзбекистонлик спортчилар умумжамоа ҳисобида 1-ўриндан жой олдилар. 2-ўринни эгаллаган Қирғизистон делегацияси иккита кумуш ва битта бронза медални қўлга киритган. Кейинги ўринлар Туркманистон (битта кумуш) ва Қозоғистон (8 та бронза) терма жамоаларига насиб этди. Тожикистон эса мусобақани медалсиз якунлади.

19 ёшли таэквондо устаси Улуғбек Рашидов Ўзбекистон тарихида Олимпиада олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи бўлди. 21 ёшли оғир атлетикачи Акбар Жўраев умумий ҳисобда 430 кг тошни ўзига бўйсундириб, Олимпия рекордини ўрнатди ва олтин медални қўлга киритди. Боксчи Баҳодир Жалолов финалда америкалик боксчини таслим қилган ҳолда терма жамоа ҳисобига 3-олтин медални ёздириб қўйди. Шу билан бир қаторда, Баҳодир 2017 йилги Жаҳон чемпионатидан буён бирорта жангда мағлуб бўлмади.

Ўзбек дзюдосининг умидли вакили Давлат Бобонов ўзига билдирилган ишончни оқлай олди ва якунда кучли спортчиларни енгиб, бронза медалга эга бўлди. Ҳозирда ММА спортида ҳам фаолият олиб бораётган эркин кураш вакили Беҳзод Абдураҳмонов ўзбекистонлик спорт курашчиларнинг анъанасини давом эттириб, бронза медални қўлга киритди. 

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси 5 та медаль билан Олимпиадани якунлади.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Ўзбекистон Баҳодир Жалолов Давлат Бобонов Улуғбек Рашидов Акбар Жўраев Беҳзод Абдураҳмонов

Баҳолаганлар

717

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг