Олимлар табиий “наркоз”ни таъминловчи мия қисмини аниқлади

Саломатлик

image

Тадқиқотчилар вазнсизлик ёки йиқилиш ҳиссини келтириб чиқарадиган мия ҳудудини аниқладилар ва бу беҳушликнинг янги шаклларини ишлаб чиқишга ёрдам беради. Бу ҳақда “Smithsonian magazine” нашри хабар берди. 

Гап шундаки, 2019 йилда Стенфорд университети неврологи Жозеф Парвизийнинг қабулига эпилепсия (тутқаноқ) билан оғриган бемор келган ва у баъзида ўзини сузаётгандек ҳис қилишини айтган. 

Ўша учрашувдан кейин Парвизий ва унинг жамоаси миянинг тана билан боғлиқ ҳисларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин бўлган қисмини кузатиб борди. Натижада миянинг юқори қисмидан пастга чўзилган бурманинг чуқурлигида яширинган Prekuneus деб аталадиган кичик бўлак ушбу ҳисларга жавобгар эканлигини аниқлади.

Тадқиқот давомида ушбу ҳудудни электр токи билан рағбатлантириш эпилепсия билан оғриган саккиз нафар кўнгиллида ғайриоддий ҳисларни келтириб чиқарди. Хусусан, улар бош айланиши, диссосиация ва диққатсизлик каби ҳиссиётларни бошдан кечирганини билдирган. Олимлар миянинг бу қисмига электр импульсларини юборганда, кўнгиллилар ўзларини сузаётган ёки қулаб тушаётгандай ҳис қилган, аммо улар бундай ҳолатда бўлмаган.

Жамоа хулосаларига кўра, миядаги ушбу тармоқнинг бузилиши инсоннинг дунё ҳақидаги тасаввурларини ўзгартириб, реал ҳаётдаги ўрнини ҳақиқий бўлмагандек кўрсатиши мумкин.

Маълумотларга кўра, “колбасага ўхшаш мия бўлаги” келажакда тиббий муолажалар пайтида анестетик дорилар ўрнини босиши мумкин. Беҳушлик учун қўлланадиган доимий дориларнинг аксарияти бутун тана ва мия бўйлаб тарқалади ва баъзи хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки улар юрак уриши ва нафас олишни секинлаштиради. Миянинг бу қисмига электр билан таъсир кўрсатиш мия фаолиятининг ритмини секинлаштиради. Натижада олимлар ножўя таъсирлари камроқ бўлган беҳушлик учун янги усулларни ишлаб чиқиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

мия Тадқиқот эпилепсия тутқаноқ вазнсизлик Стенфорд университети

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг