Оксана Чусовитинанинг экипировкаси Халқаро Олимпия музейидан жой олди

Спорт 3055
image

Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбек ва жаҳон гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитинанинг Токио-2020 Олимпиадасида фойдаланган экипировкасини Лозаннадаги (Швейцария) Олимпия музейига жойлади. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Оксана Чусовитина саккизинчи Олимпиадасидан сўнг уни эсдалик учун музейга тақдим қилган. Ушбу музейдан замонавий Олимпия ўйинларига оид энг қимматли маълумот ва экспонатлар жой олган бўлиб, у ерга 1 йилда тахминан 250 минг нафар инсон ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, 47 ёшли Оксана шу йилнинг 9 августидан 18 августигача Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилган эди.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016 ва 2021 йилларда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. Бу натижаси орқали Чусовитина тарихда энг кўп Олимпиадада қатнашган спортчи сифатида “Гиннеснинг рекордлари” китобига киритилган. Бундан ташқари, у 1992 йили жамоавий баҳсда Олимпия чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони бўлган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×