ОКМК футбол академияси учун янги бино фойдаланишга топширилди

Бизнес

image

Сўнгги йилларда “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан болалар футболига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, ОКМК футбол жамоаси қошида футбол академияси ташкил этилиб,  академия тарбияланувчилари учун замонавий майдонлар қуриб берилди. Эндиликда, ёш футболчилар замонавий бинода яшаб, таълим олиш ва параллел равишда футбол сирларини ўрганиш имконига эга бўлди.

Бугун, 27 август куни ОКМК хомийлигида барпо этилган академия тарбияланувчилари учун янги бино фойдаланишга топширилди.

Ушбу объектнинг очилиш маросимида Ўзбекистон футбол  ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов,  техник директор Ги Киала, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги А.Момунов номидаги футбол академияси директори Тимур Абдуллаев, Тошкент вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Асқар Жадигеров, ОКМК ПФК президенти Абдулла Хурсанов, таниқли футбол шарҳловчилари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Хайрулла Ҳамидов,  Тошкент вилояти футбол меҳнат фахрийлари, мураббийлар ҳамда ёш футболчилар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугунги кунда футболга қаратилаётган эътибор натижасида эришилаётган ютуқлар, айниқса, мамлакат терма жамоасининг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани ислоҳотлар натижаси эканини таъкидлади. Олмалиқда ҳам комбинат томонидан футболга берилаётган эътибор юксак баҳоланди.

Пудрат ташкилоти томонидан ОКМК хомийлигида 8 ой давомида собиқ “Весна” меҳмонхонаси капитал реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага келтирилди. Академия биноси 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, бинода академия тарбияланувчилари учун ётоқхона, ошхона, кир ювиш ва тиббиёт хоналари ташкил этилди. 

Замонавий жиҳозларга эга бўлган бинода 7 ёшдан 19 ёшгача бўлган футболчилар нафақат яшаб дам олиши, балки ўз билимларини  мустаҳкамлаши учун ҳам имконият яратилди. Бунинг учун 3 та ўқув хонаси ҳам ташкил этилиб, ёш футболчилар инглиз тилини ўрганади, назарий билимларини оширади ҳамда ўйинларнинг видеотаҳлили билан танишади.

Бино ичкарисидаги ҳар бир хона футбол ҳаётини акс этувчи суратлар билан безатилган.

Академияда 25 нафар тажрибали мураббий замонавий методологияларни қўллаган ҳолда футбол сирларини ёшларга ўргатади. Шунингдек, тарбияланувчиларга инглиз тили ҳам ўргатиб борилади.

Эътиборлиси, ОКМК футбол академияси Ўзбекистон жамоалари орасида мамлакатдаги ётоқхоналари бор тўртинчи академияга айланди. Маълумот ўрнида, “Насаф”, “Машъал” ва “Бунёдкор” футбол жамоаларининг академияларида ётоқхоналар мавжуд.

Реконструкция давомида бинонинг иссиқ  ва совуқ сув ҳамда иситиш тизимлари тўлиқ янгиланди. Ёнғин хавфсизлиги ва видеокузатув тизимлари ўрнатилди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди.

Энг асосийси, академияда ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланишига, футбол сирларини ўрганишига кенг имконият яратилган.

Маълумот учун, ҳозирда академияда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш дастури раҳбари Денис Хомутов бошчилигида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилда академиянинг 9 ва 12 ёшли болалар жамоаси қўшни Қирғизистон Республикасида ўтказилган халқаро турнирда бош совринни қўлга киритди. 10 ёшли болалар жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, академиянинг  13 ва 14 ёшли ўсмирлар жамоалари эса ўз ёш тоифаларида Қозоғистондаги халқаро мусобақада тенгсиз эканини намойиш этди.

Ҳозирда академия қошида 9 ёшдан 19 ёш тоифасигача бўлган жамоалар фаолият юритиб келмоқда. Жами бўлиб 300 нафарга яқин ўсмир ва ёшлар футбол сирларини ўрганяпти.

Тадбирда сўз олган масъуллар футбол академияси тарбияланувчиларининг профессионал ривожланиши учун мустаҳкам замин яратилганини таъкидлашиб, келгусида Олмалиқдан жаҳон футбол юлдузлари етишиб чиқишини билдирди.

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

Теглар

ОКМК футбол академияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг