Хоккей федерацияси раисига ўринбосар сайланди
Спорт
−
13 Февраль 2019
7135Бугун, 13 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбарияти ва мутасаддилари, ҳакамлар иштирок этди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати хабар берди.
Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала федерация раисига ўринбосар сайлашдан иборат бўлган. Шу муносабат билан мазкур лавозимга “Бинокор” хоккей клуби менежери Искандар Қосимович Шодиев номзоди илгари сурилган. Конференция иштирокчилари бир овоздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашлари натижасида, Искандар Шодиев Ўзбекистон хоккей федерацияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланди.
“Менга ана шундай имконият берилганидан хурсандман. Ўзбекистонда хоккей аста-секинлик билан ривожлантирилмоқда. Бу йилдан миллий чемпионат ҳам ташкил этилди. Пойтахтимизда катта муз аренаси бунёд этилмоқда. Мақсадимиз – хоккейни Республика бўйлаб ривожлантиришдир. Биргаликда ишлаб келажакда муваффақиятларга эришамиз ва вақти келиб КХЛда ҳам ўз жамоамиз бўлади”, деган Искандар Шодиев.
МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам келажакда хоккей мамлакатда ривожланиши ҳақида гапириб ўтган.
“Март ойида юртимизда “Ҳумо” муз саройи фойдаланишга топширилади. Келажакда бундай муз ареналари вилоятларда ҳам кўпайишига умид қиламиз ва хоккейни бутун мамлакатимиз бўйлаб ривожлантирамиз”, деган Умид Аҳмаджонов.
Шу тариқа, Ўзбекистон хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлаган.