Оқ уй вакили “қовун туширди”
Олам
−
02 Февраль 2021
15372Оқ уй вакили Жен Псаки АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнининг лавозимини унутиб қўйди.
У журналистларнинг саволига жавоб бераётганида Трампни Президент деб юборган.
"Ишониш қийин бўлиши мумкин, биз Президент Трамп ҳақида гаплашишга, уни ўйлашга кўп вақт сарфламаймиз", деган Псаки.
Сўнг у дарҳол хатосини тузатиб, Трамп АҚШнинг собиқ Президенти эканини айтган.
Псаки Дональд Трамп ҳақидаги саволларни Республикачилар партияси аъзоларига юборишни сўраган.
Шунингдек, журналистлар Псакидан АҚШнинг ҳозирги Президенти Жо Байден Трампнинг Twitter'даги аккаунти музлатиб қўйилганига қандай муносабатда эканини сўрашган.
Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, собиқ Президентнинг саҳифасини блоклаб қўйиш тўғрисида компаниянинг ўзи қарор қабул қилган. Бунга Байденнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Маълумот ўрнида, 6 январь куни Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди. Шундан сўнг, бир қатор мессенжерлар ҳам Трампнинг аккаунтларини блоклади.