Оқ уй Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлганига муносабат билдирди
Олам
−
20 Октябрь 2020
7935Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ўз салоҳияти билан ижобий роль ўйнайди, деб ишонмоқда Оқ уй раҳбари ёрдамчиси ўринбосари, Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директор Лиза Кертис. Бу ҳақда у Америка ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти минтақада АҚШнинг янги стратегиясини амалга оширишга бағишланган брифингда айтиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳуқуқ ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш борасида катта ютуқларга эришган ва бу бутун минтақада ўзгаришларга ижобий туртки беради деб ҳисобламоқда.
Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонаси маълумотига кўра, АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини олқишлаган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. АҚШ сўнгги икки йил ичида республика сезиларли ютуқларга эришганини эътироф этган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи, шунингдек, икки мамлакат олий делегацияларининг ўзаро ташрифлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тенденцияларга ижобий ҳисса қўшди. Лиза Кертис Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ўз салоҳияти билан ижобий роль ўйнашига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди.
LiveБарчаси