Оиласига моддий кўмаклашиш учун Қозоғистонга кетган бола Ўзбекистонга қайтарилди
Олам
−
21 Май
3637Кеча, 20 май куни Қозоғистонда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган бола Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вояга етмаган бола жорий йилнинг 7 апрель куни оила аъзоларига моддий кўмак кўрсатиш мақсадида ўқишни ташлаб, амакиси ҳамроҳлигида Қозоғистонга жўнаб кетган.
Бироқ 2 май куни Қозоғистонда ушбу вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ота-она қарамоғисиз қолган ҳолатда аниқланиб, махсус ижтимоий хизматлар муассасасига жойлаштирилган.
“Гарчи бола Қозоғистонга ишончнома асосида олиб ўтилган бўлсада, мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, бундай муассасалардан вояга етмаган шахсни фақат унинг ота-онаси олиб чиқиш ҳуқуқига эга”, дейилади хабарда.
Бола масъул ташкилотлар ҳамкорлигида кеча, 20 май куни Ўзбекистонга қайтарилган.
Билдирилишича, ҳозирда ушбу вояга етмаган бола қонуний вакили – онасига топширилган. Кейинги босқичда эса унинг яшаш ҳудуди бўйича реабилитация чоралари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли равишда давом эттирилади.
Маълумот учун, жорий йилнинг бошидан буён Қозоғистондан жами 12 нафар ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган 2 ёшли қиз Россиядан Ўзбекистонга қайтарилганди.
LiveБарчаси