Оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига киритилди
Жамият
−
23 Март 2023
5981Бугун, 23 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзгартиришлар тўплами қабул қилинди. Унга кўра, оиладаги зўравонликлар жиноий ҳуқуқбузарликлар тоифасига киритилди. Бу ҳақда Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси Сенат ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, оиладаги зўравонликлар жиноий ҳуқуқбузарлик туркумига ўтказилган. Шунингдек, иқтисодий ва психологик зўравонлик ҳамда вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда.
"Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб биламан. Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси. Биз ушбу муваффақиятлар учун узоқ ва машаққатли ҳаракатларни амалга оширдик, лекин қонунчилигимизда бу каби ўзгартиришлар замон талабларига хос ва инсонпарварлик учун ўта аҳамиятли эканлигини биргаликда исботлай олдик.
Олдинда бажаришимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп, бироқ муваффақият доимо илҳомлантиради. Ушбу ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган, ҳужжатлар устида иш олиб борган ва бу ғояларни жамиятимизда тарғиб қилган барчага миннатдорлик билдираман.
Бу нафақат Ўзбекистон аёлларининг, балки барча тафаккурли, илғор инсонларнинг ғалабаси!" деб ёзади Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска билан аёлларга нисбатан оиладаги зўравонликлар масаласини муҳокама қилганди.
LiveБарчаси