Оиладаги зўравонлик: Ўзбекистон дунёда бешинчи бўлди
Жамият
−
11 Апрель 2023
13584Amnesty International ташкилоти Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган бешинчи давлатга айлангани ҳақида ёзмоқда. Халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Хеза МакГиллга кўра Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича гендер зўравонликга барҳам бериш бўйича халқаро мажбуриятини бажариш йўлида муҳим қадам ташламоқда.
“Ўзбекистонда аёллар ва ҳуқуқ фаоллари йиллар давомида аёллар ва болаларни оиладаги зўравонликдан яхшироқ ҳимоялаш учун кампания олиб боришди. Ўзбекистон ниҳоят Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган бешинчи давлатга айланмоқда”, дейди тадқиқотчи Хеза МакГилл.
У янги Қонунни амалга ошириш, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жамиятда патриархал муносабатларни бартараф этиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини ҳам қўшимча қилган.
“Amnesty International, Ўзбекистонда жисмоний зўравонлик энди жиноят ҳисоблансада, иқтисодий ва руҳий зўравонлик эътиборсиз қолишидан хавотирда”, деган МакГилл.
Ташкилотга маълумотларига кўра, ҳозиргача Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик ва аёлларга нисбатан тазйиқ жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
“2021 йилнинг январидан ноябригача аёлларга нисбатан 36 мингга яқин зўравонлик, жумладан, 12 мингдан ортиқ жисмоний зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Кўпинча оиладаги зўравонлик низоларини ҳал қилишнинг оилани сақлаб қолишга қаратилиши ва мансабдор шахсларнинг жабрланувчини ҳимоя қилиш ўрнига ярашиш ва оилани бирлаштиришга интилиши ҳуқуқий ҳимояга путур етказади. Парламент веб-сайтида эълон қилинган расмий баёнотда янги қонун нафақат аёллар ва болаларга нисбатан оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, балки “оила институтини мустаҳкамлаш”га хизмат қилиши ҳам олқишланади”, дейилади ташкилот хабарида.
Олий Мажлиси Сенати 6 апрель куни Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига оиладаги зўравонликни жиноят деб ҳисобловчи ҳамда аёллар ва болаларни қўшимча ҳимоя механизмлари билан таъминлайдиган ўзгартишлар тўпламини бир овоздан қабул қилди. Ўзгартиришлар бугун, 11 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик масаласининг бугун қанчалик долзарб эканлигига тўхталиб ўтганди.
Норбоевага кўра Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 61 мингдан кўпи ёки қарийб 85 фоизи оилада содир этилган.
Шунингдек, 2020 йилда 156 та, 2021 йил 243 та номусга тегиш жинояти содир қилинган.
“Хулоса шуки, жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган ҳамда вояга етмаган фарзандларимизга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши турадиган янада мустаҳкам ва қатъий қонунларга эҳтиёж бор”, деган Сенат раиси.
Қўшимча тариқасида шуни айтиш мумкинки қабул қилинган Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга муддатидан илгари жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмайди.
Шунингдек:
• Қонун билан “оилавий (маиший) зўравонлик” яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўравонлик учун тегишлича маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланяпти.
• Эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштириляпти.
• Хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамдардлик ота-она ўзининг вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.
Қонунчиликка киритилаётган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификасия қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.
Шу билан бир қаторда, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.
LiveБарчаси