Огоҳлантиришсиз токни ўчирган “Электросет”ни жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда

Жамият

image

Авариялар билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда электр таъминотини огоҳлантиришсиз ўчиргани учун “Электорсет”ни жавобгарликка тортиш бўйича таклиф ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ўтказилган молиявий, юридик, консалтинг, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида бизнес омбудсман Дилмурод Қосимов маълум қилди.

Мулоқотда қатнашган IT соҳасида фаолият юритадиган тадбиркор Абдуқаҳҳор Тошмуҳамедов ёз бошланганидан бери ҳар куни ток ўчишини айтган.

“Сабаби ёз бошланганидан бери кунига 3-4 соат ток ўчади. Тижорий нархларга ўтилди, лекин ҳали ҳам уларнинг жавобгарлиги йўқ. Ҳар куни бир вақтда ток ўчади, бу тартибга солиниши керак. Чет эллик ҳамкорларимиз олдида (10 дан зиёд давлат билан ишлаймиз) жавобгарлигимиз бор, “свет” ўчиб қолишида, интернет ўчиб қолишида”, дейди тадбиркор.

Унинг бу таклифига жавобан бизнес омбудсман Дилмурод Қосимов бу муаммо фақат IT соҳасида эмас, балки барча бизнес соҳаларида борлигини айтди.

“Бу бўйича ҳақиқатан “электросет” огоҳлантирмасдан ўчирса, жавобгарлик масаласи борасида таклиф ишлаб чиқяпмиз. Лекин ҳар куни ўчириляпти, баъзиларида носозликлар бўлиши мумкин. Ҳеч ким кафолат бермайди. Лекин огоҳлантирмасдан ўчирса ёки бошқа ҳолатларда уларнинг жавобгарлиги бўлиши керак. Чунки сизлар тадбиркорсизлар, ишингиз тўхтаб қолиши мумкин. Жавобгарлик масаласи бўйича таклиф ишлаб чиқяпмиз”, деган бизнес омбудсман.

Эслатиб ўтамиз, 15 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 337-сонли қарори қабул қилинганди. Қарор билан 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Ҳужжат 2025 йил 1 апрелда кучга киради. Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун нархлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатда амал қилади.

Аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергияси ва табиий газнинг базавий нормасини қўллаш ҳамда улар учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади. 


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг