Оғир иқтисодий танглик: сиёсий ўйинлар жабрини халқ чекмоқда

Олам 4204
image

Туркияда иқтисод ҳамон оғир аҳволда қолмоқда. Мамлакатда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг партиясига бўлган ишонч тобора пасайган. Буни Истанбул раҳбарлигига ўтказилган қайта сайловда ҳам мухолиф партия номзоди Экрем Имомўғлунинг ғалаби қилганида ҳам кўриш мумкин. Мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан энг фаол ва энг кўп аҳолига эга бўлган кенти мухолиф партия қўлига ўтди. 

Эрдўған бошчилигидаги Туркия мана икки йилдан ошдики, АҚШ билан тортишиб келмоқда. АҚШга нисбатан кескин айбловлар, очиқдан-очиқ ҳақоратлар мамлакатда долларнинг ошиб кетиши ва турк лирасининг қадрсизланишига сабаб бўлди. Туркияда банклар кредит беришдан қўрқиб қолди, иқтисодий танглик юзага келди, инфляция миқдори юқорилаб бормоқда. 

Жорий ҳафта ҳам Туркияда долларнинг ошиши  билан бошланди. Айни вақтда бир АҚШ доллари 5,74 турк лирасини ташкил этмоқда. 

QALAMPIR.UZ турк лирасининг ўтган уч йилдаги ошиш суратларини 9 июль мисолида кўриб чиқди. 

2016 йил 9 июль – 1 АҚШ доллари 2,89 турк лираси; 
2017 йил 9 июль – 1 АҚШ доллари 3,60 турк лираси, бир йиллик ошиш сурати 25%;
2018 йил 9 июль – 1 АҚШ доллари 4,73 турк лираси, бир йиллик ошиш сурати 30,5%.

Туркияда лиранинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши 2018 йилнинг 13 август куни энг юқори даражани қайд этди. Шу куни 1 АҚШ долларининг қиймати 7,11 турк лираси бўлди. Бу нафақат уч йилликдаги, балки Туркия тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. 

Туркияда долларнинг ошиб кетишида шунчаки иқтисодий муносабатлар эмас, жуда катта сиёсий келишмовчиликлар ётибди. Бу сиёсий ўйинларнинг авжига чиққан нуқтаси 2016 йил 15 июль воқеаларига бориб тақалади. 

Ўша куни Туркияда давлатга қарши ҳарбий тўнтариш амалга оширилди. Туркия раҳбарияти эса бу тўнтаришлар айни вақтда АҚШда истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигида амалга оширилганини иддао қилиб чиқди ва АҚШдан уни Туркияга экстрадиция қилишни талаб қилди. АҚШ пинагини ҳам бузгани йўқ. 

Шунингдек, Туркия АҚШ билан ўчакишиб, Сурияда “Фрот қалқони” ва “Зайтун новдаси” ҳарбий амалиётларини амалга оширди. Орадан кўп ўтмай, Туркия русларнинг С-400  зенит комплексларини сотиб олди.  

Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олишига энг жиддий тепкини Туркия берди. Президент Эрдўғаннинг талаби билан БМТ мажлиси бўлиб ўтди ва АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишини қабул қилмасликка келишилди. Бу орада АҚШ билан Эрон ўртасидаги кескин тортишувларга ҳам Туркия аралашди. Ортидан Роҳиб Эндрю Брансон масаласи бошланди, бунга  журналист Қошиқчининг вафоти қўшилди.  Сиёсий муносабатлар кун сайин кескинлашиши жабрини халқ тортди, тортиб келмоқда. 

Туркияда ишлаб чиқариш, экспорт миқдори юқори, долларнинг ошиши у қадар катта роль ўйнамайди, деб ўйлаш ноўрин. Туркия 10 йиллар давомида кўрадиган иқтисодий зарбани 1 йилда кўрди. Орадан уч йил ўтди. Иқтисодда ўсиш йўқ. Доллар эса 9 июль ҳолатига кўра 5,74 турк лирасини ташкил этмоқда. Бу эса ўтган йилнинг шу кунига нисбатан 23,5 % юқорилаш дегани.  
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 57
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×