ОФК терма жамоалар ўртасида янги мусобақа ташкил этади
Спорт
−
15:45 963 1 дақиқа
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) миллий терма жамоалар футболини янада ривожлантириш мақсадида “AFC Nations League” (ОФК Миллатлар лигаси) мусобақасини жорий этиш режасини маълум қилди. Бу ҳақда ОФК ўзининг расмий саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, янги турнир Осиё мамлакатлари учун халқаро учрашувлар тизимини янада тартибли ва барқарор қилишга қаратилган. Мазкур мусобақа FIFA кунларида терма жамоалар учун мунтазам ва мазмунли ўйинлар ташкил этилишига хизмат қилади. Бу орқали рақиб топишдаги қийинчиликлар, логистика муаммолари ва юқори харажатлар сезиларли даражада камайтирилиши кўзда тутилмоқда.
ОФК Миллатлар лигаси жамоалар даражасига мос рақобат муҳитини яратиб, спорт тамойилларига асосланган мувозанатни таъминлашни мақсад қилган. ОФК раҳбарияти ушбу ташаббусни Осиё футболи учун муҳим қадам сифатида баҳолаб, лойиҳа терма жамоалар фаолиятига барқарорлик олиб киришини таъкидлади. Шунингдек, мусобақага тижорий ҳамкорлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан катта қизиқиш билдирилаётгани қайд этилди.
Мусобақанинг формати, амалга ошириш босқичлари ва аниқ муддатлари ОФК қўмиталари муҳокамалардан сўнг расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Маълумот учун, бу ташаббус дастлаб UEFA томонидан 2018 йилда амалга оширилган. Ҳозирда UEFA Миллатлар лигаси ҳар икки йилда бир мартда ўтказилади.