Одилжон Абдуқаҳҳоров: “Ким жонли ижрода концерт беролмаса, ўзига бошқа иш топсин”

Маданият-санъат 11440
image

“2019 йилдан барча яккахон концерт дастурларининг 30% қисми жонли ижрода ўтказилиши қатъий талаб қилинади. Кейинчалик бу кўрсаткични  босқичма-босқич  60%  ва ундан кейин 100%  жонли ижрода ўтказилишига эришиш мақсадида “Ўзбеконцерт” давлат муассасаси томонидан лойиҳа ишлаб чиқилди", дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори  Одилжон Абдуқаҳҳоров бугунги миллий эстрада санъати ва унинг олдида турган қатор масалалар хусусидаги матбуот анжуманида.

 — Лойиҳа бир томондан мамлакатдаги барча санъаткорлар учун синов майдони бўлиб хизмат қилади, яъни ким талабни бажара олмайдиган бўлса, ўзи билиб бошқа соҳани танлаб, бошқа йўлда давом этади. 

Иккинчи томондан эса, давлат тадбирларининг барчасини жонли ижрода ўтказилиши учун тайёргарлик кўриб борилмоқда. Аммо ҳозиргача эстрада хонандалари ўз йўлига, ҳатто, айрим хизмат кўрсатган  артистларимиз орасида бу тадбирларда иштирок этишдан бош тортган ҳолатлар кузатилди. 

Босқичма-босқич амалга оширилишининг ҳам сабаби айни мақсадлардан келиб чиққан. 100% жонли ижродаги концертларга етиб келишгача бўлган вақт оралиғида бутун республика, барча ҳудудлардаги маданият саройлари, барча концерт залларини тайёрлаш, барча техник шароитларни яратиш ишлари олиб борилади. 

Биз ҳеч кимдан эртагаёқ тўлиқ жонли ижрода концерт беришни  талаб қилмоқчи эмасмиз. Параллел равишда қилинган ҳаракатлар орқали яқин йилларда Ўзбекистонда давлат тадбирлари ва яккахон концертларнинг барчасини тўлиқ жонли ижрода ўтказилишига эришамиз – дейди "Ўзбекконцерт" ДМ бош директори. 
 
Таъкидлаш жоизки, "Ўзбеконцерт” давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа муассанинг февраль ойи кенгашида тасдиқланиши режалаштирилган.

Соҳибжамол Каттаева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 201
Рейтинг: 3.0