Одил Аҳмедовнинг МТЖдан кетиши – йўқотиш эмас – Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Интервью 8987
image

Саудия Арабистони билан ўйинда “қўлга киритилган” мағлубиятдан кейин Миллий терма жамоа ўйинчиси Одил Аҳмедов истеъфо берди. Мазкур ҳолат футбол мухлислари томонидан илиқ қабул қилинмагани аниқ, албатта. Журналист ва футбол шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев эса Одил Аҳмедовнинг футболдан кетишини “йўқотиш эмас”, деб баҳоламоқда. У бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида гапирган. 

“Назаримда, ҳозирги Аҳмедовнинг кетиши йўқотиш эмас. Истаймизми-йўқми, бутун дунёда футболчилар 30 ёшдан ўтгач, аввал терма жамоада, сўнгра клублардаги фаолиятини якунлайди.

Табиийки, бундан 4 йил аввалги Одил бугунгисидан кучлироқ эди. Одилни яхши кўраман, у ҳам мени яхши кўради, деган умиддаман. Муносабатимиз яхши, лекин у ўз даврида ўзбек футболига беминнат хизмат қилди. Ўрнак ва руҳлантира оладиган куч сифатида гавдаланди. 2011 йилда катта пуллар эвазига араб клубларига ўтмасдан "Анжи"да, ундан сўнг "Краснодар"да ва катта сумма эвазига "Шанхай СИПГ" клубларида доимий асосий таркибда майдонда ҳаракат қилиши, бошқаларга ўрнак. Футбол ортидан ўзбек халқининг севимли Одилига айланди. 

Тўрақўрғонда ўзининг футбол академиясини очди. Ҳозир Тошкентда унинг бўлимлари фаолияти юритяпти. Уларда шуғулланаётган болалар кейинги Жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларига қадар етук футболчиларга айланишлари учун бутун жамоа ҳаракат қиляпти. У айтмоқчи бўлган фикр, менинг наздимда, “футболга ҳамманинг қайғуриши, Ватан футболи учун ўз манфаатларини ўйламасдан ҳаракат қилиб, уни кўтариш учун ишласа”, деган маънода. Унга алам қилган. У шунинг учун ҳам, "Агар ҳозир ўзгармасак, ҳар тўрт йилда узр сўраб юраверамиз", дейди Тўхтамирзаев. 

Маълумки, Одил Аҳмедов жорий йилнинг 19 июнь куни ЎФА конгрессида сўзга чиқиб, истеъфо бергани айтди ва кетар олди тизимни ўзгартириш кераклигига, футболни ривожлантиришни болалар футболидан бошлаш зарурлигига ишора берди. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев QALAMPIR.UZ билан суҳбатда давом этаркан, Одил Аҳмедовнинг гапларидан қандай сигнал олганини қуйидагича изоҳлади. 

“Одилнинг кўнглидан нима ўтганини фақат унинг ўзи билади. Одилнинг армонлари ҳақида гап кетса, Мираброр Зуфарович вилоятларда майдонларни шакллантириб берди. Асосий зарур бўладигани бу майдон ҳисобланади. Бироқ, миллий терма жамоанинг ўқув-машғулот йиғинлари учун базаси йўқ. Қурилиши режалаштирилган, ҳар хил сабабларга кўра муддати чўзиляпти. Биринчиси, терма жамоалар учун база кераклиги. Иккинчиси, жамоларни шакллантириш ва мусобақалари ўтказишда ошкоралик ва шаффофлик. Аввалгига нисбатан камайгандир, бироқ ён босишлар ҳали ҳам бор. Сотиб олинган, дейиш фикридан йироқман. Ҳакамларимиз қарор чиқаришда, мутасаддиларимиз эса шароит яратишда ён босишади. 

Сўнгги ҳафта воқеалари ҳақида гапирайлик, стадион ёритгичларининг носозлиги сабаб, "Андижон", Тошкентда, "Сурхон" АГМК майдонида ўйин ўтказяпти. Меҳмон ролидаги жамоа ўз уйида ўйнаяпти. Клуб раҳбарлари нейтрал майдонни ижарага олиш учун пул сарфлагиси келмагандир, лекин, ўз-ўзимизни алдаяпмиз-ку. ПФЛ қатъият, принципиаллик деган тамойилини ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Нима учун ёритгичлари яхши ҳолатда бўлмаган стадионларни йил бошида қабул қиляпти? Нима учун дабдаласи чиқиб ётган Навоийдаги майдонда футбол ўйналяпти? Буни ҳамма кўрди.

Ўтган йили "Қўқон" ва "Навбаҳор" стадиони яхши ҳолатга келгунча меҳмонда ўйин ўтказди, бу йил эса "Қизилқум"га рухсат берилди. Сабаб нима? Қаердадир кимгадир қатъий талаб қўйиляпти-да, кимгадир қўйилмаяпти”, дейди Тўхтамирзаев. 

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 175
Рейтинг: 3
t
×