Одессага дронлар ҳужум қилди

Олам

image

Бугун, 4 апрелга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Одесса вилоятига “Shahed” дронлари билан ҳужум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимияти ва Украина Қуролли кучлари вакиллари маълум қилди. 

Қайд этилишича,  кечаси Одессада портлаш овозлари эшитилган. Шу билан бирга, портлашлардан бир неча дақиқа ўтиб шаҳарда ҳаво огоҳлантириши эълон қилинган. Кейинроқ вилоят ҳарбий бошқармаси Россия армияси Одесса вилояти ва шаҳрига дронлар билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берган. 
Одесса ҳарбий маъмурияти вакили Сергей Братчук эса Одесса вилоятида дронлар корхоналардан бирига ҳужум қилганини маълум қилган. Ҳужум оқибатида ёнғин содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, одамлар жабрланмаган.

Маҳаллий нашрлар “Школний” аэродроми ёнганини ёзган. Мазкур аэродром Одессанинг жанубида жойлашган бўлиб, унинг ҳудудида аэровокзал биноси қурилган, шунингдек, у ерда самолётларни таъмирлаш заводи ва Украина чегара қўшинларининг авиацияси бўлган.

Братчукнинг сўзларига кўра, Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари жами учирилган 17 та дрондан 14 тасини уриб туширган: 13 таси Одесса вилояти, яна биттаси Николай вилояти устида уриб туширилган. Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги бу маълумотни тасдиқлаган.

Айтиш жоизки, 2022 йил кузидан бери Россия армияси Украина ҳудудига мунтазам равишда ракеталар ва Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз самолётлар ёрдамида йирик зарбалар бериб келмоқда. Бундай зарбаларнинг мақсади кўпинча энергия инфратузилмаси объектлари ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Одесса дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг